Чаманзор томорқачилари
ФОТОРЕПОРТАЖ
Янги Наманган туманининг Чаманзор маҳалласи аҳолиси томорқачилик соҳасида муайян тажрибага эга.
Мазкур маҳаллада яшовчи Равшан Қорабоев ўз хонадонида термос усулида иссиқхона ташкил этган. Унда парваришланаётган қарийб 100 туп лимондан йилига 2 тоннагача ҳосил олинмоқда. Шунингдек, томорқада турли қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиб, қўй парвариши ҳам йўлга қўйилган. Бу эса оила даромадини оширишга хизмат қилмоқда.
[gallery-28350]
Маҳалланинг яна бир фаол томорқачиси Орифжон Латипов хонадонидаги 3 та иссиқхонада гулчилик билан шуғулланмоқда. Унинг кичик плантацияларида 30 турдаги 4 мингдан ортиқ гул парваришланмоқда. Ушбу фаолият орқали оила аъзолари доимий бандликка эга.
Айни кунларда маҳалла ҳудудида манзарали кўчатларни парваришлаш, дарахтларга агротехник ишлов бериш ва яшил майдонларни кенгайтириш бўйича ишлар амалга оширилмоқда. Бу эса экологик муҳитни яхшилаш, ўсимликларнинг соғлом ўсишини таъминлаш ҳамда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ(сурат),ЎзА