Қўшма ташаббус ва лойиҳалар ҳудудларни ривожлантиради
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев Беларусь Республикасининг Гомел вилояти ижроия қўмитаси раиси Иван Крупко бошчилигидаги делегация ҳамда Беларусь Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Александр Огородников билан учрашув ўтказди.
Унда томонлар икки мамлакат ўртасидаги дўстона, ўзаро ишонч ва манфаатли шерикликка асосланган муносабатлар бугун ҳудудлараро ҳамкорлик орқали янги босқичга кўтарилаётганини алоҳида таъкидлади. Мулоқот чоғида Тошкент вилоятининг саноат, қишлоқ хўжалиги, инвестиция, логистика, тадбиркорлик, экспорт-импорт ва ишлаб чиқариш йўналишларидаги салоҳияти ҳақида батафсил маълумот берилди.

Шу билан бирга, Гомел вилояти билан ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш, қўшма лойиҳаларни йўлга қўйиш ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, саноат, инвестиция, қишлоқ хўжалиги, савдо-иқтисодий алоқалар, инновациялар, таълим ва кадрлар тайёрлаш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.


Учрашув якунида Тошкент вилояти ҳокимлиги ҳамда Беларусь Республикасининг Гомел вилояти ижроия қўмитаси ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги баённома имзоланди. Мазкур ҳужжатга кўра, томонлар иқтисодиёт, савдо, фан, маданият, туризм, спорт, соғлиқни сақлаш ҳамда бошқа йўналишларда узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантириш, муҳим маданий ва халқаро тадбирлар бўйича ахборот алмашиш, инвестициявий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ҳамда ҳудудлар ўртасидаги шериклик алоқаларини янада мустаҳкамлашга келишиб олди.
Зойир Мирзаев Тошкент вилояти ҳудудида қўшма ташаббус ва лойиҳаларни амалга ошириш учун барча зарур шароит мавжудлигини қайд этиб, истиқболли таклифлар ҳар томонлама қўллаб-қувватланишини таъкидлади.
А.Мусаев,ЎзА