Вазир Самарқанддаги IT Park резидентлари фаолияти билан танишди
Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов Самарқанд вилоятига ташрифи доирасида ҳудуддаги рақамлаштириш жараёнлари, ёшлар учун яратилган имкониятлар ҳамда экспортга йўналтирилган IT хизматлар фаолияти билан танишди.
Ташриф давомида вазир дастлаб IT Park резиденти – “Smart Library” МЧЖ фаолиятини кўздан кечирди. Мазкур марказ таълим ва технологияларни уйғунлаштирган ҳолда ёшларга хорижий тиллар ва замонавий IT кўникмаларини ўргатиб келмоқда. “Innovative Centre” негизида ташкил этилган ушбу масканда ёшлар амалиётга йўналтирилган билимлар олиб, ўз стартап ғояларини ривожлантириш имконига эга бўлмоқда.

Мулоқот чоғида ёшларнинг IT соҳасига қизиқиши, инновацион ғоялари ва ташаббуслари муҳокама қилинди. Марказ битирувчиларидан бири халқаро сертификатларга эга Азизбек Эшимов сунъий интеллект йўналишида бир нечта стартап лойиҳаларни амалга оширгани учун IT Park нинг ёшлар орасидаги элчиси (Ambassador) этиб тайинлангани қайд этилди.
Шунингдек, вазир IT Park резиденти – “Fleet fly” МЧЖ фаолияти билан ҳам танишди. Корхона масофавий хизматлар экспортига ихтисослашган бўлиб, АҚШдаги логистика компаниялари учун диспетчерлик хизматларини кўрсатиб келмоқда.

Хусусан, компания юк ташиш жараёнларини самарали бошқариш, маршрутларни оптималлаштириш ҳамда ҳайдовчилар ва мижозлар ўртасида узлуксиз алоқа ўрнатишни таъминламоқда. 25 нафар мутахассис фаолият юритаётган корхонада замонавий дастурий ечимлар орқали юкларни реал вақт режимида назорат қилиш, логистика жараёнларини мувофиқлаштириш ва тезкор қарорлар қабул қилиш имконияти яратилган.
Ташриф давомида экспортга йўналтирилган бундай хизматлар маҳаллий мутахассисларга халқаро бозорда фаол иштирок этиш имконини бераётгани таъкидланди. Бу эса мамлакатда IT хизматлари экспортининг изчил ўсиб бораётганини кўрсатади.

Нигора Раҳмонова, ЎзА