Ўзбекистонда сунъий интеллект этикаси етарлими?
Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирининг “Сунъий интеллектга асосланган ечимларни яратиш, жорий қилиш ва улардан фойдаланиш бўйича этика қоидаларини тасдиқлаш тўғрисида”ги буйруғи билан сунъий интеллект этикаси қоидалари ишлаб чиқилди. У инсон ҳуқуқлари, шаффофлик, адолат ва хавфсизлик каби универсал тамойилларга таянган.
Аммо савол шуки, бу ҳужжат реал бошқарув воситасими ёки фақат “яхши ниятлар декларацияси”ми?
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Абдулазиз Абдураззоқов бу борада қуйидагиларни маълум қилди:
–Бу ҳужжатнинг энг кучли томони — у сунъий интеллектни “назорат остидаги технология” сифатида кўради. Яъни, сунъий интеллект томонидан қабул қилинган қарорлар ҳеч қачон якуний бўлмаслиги кераклиги алоҳида таъкидланади. Бу, аслида глобал тенденцияларга мос келади: инсон марказий ролни сақлаб қолади, AI эса ёрдамчи восита сифатида ишлайди.
Айниқса, соғлиқни сақлаш ёки юридик аҳамиятга эга қарорлар каби соҳаларда бу ёндашув ўта муҳим. Аммо бу ерда бир муаммо бор: назорат ким томонидан ва қандай механизмлар орқали амалга оширилади? Ҳужжат бу саволга етарли даражада аниқлик киритмайди.
Шунингдек, ҳужжатда “тушунарлилик” ва “шаффофлик” тамойилларига алоҳида урғу берилган. Сунъий интеллект тизимлари қандай ишлаши, қандай маълумотларга асосланиши ва қандай қарор қабул қилиши фойдаланувчи учун тушунарли бўлиши керак. Бу принцип назарий жиҳатдан жуда тўғри — лекин амалиётда энг мураккаб масалалардан бири айнан шу. Замонавий AI тизимлари, айниқса нейрон тармоқлар, кўпинча “қора қути” сифатида ишлайди. Демак, ҳужжат реал технологик мураккабликни эмас, балки идеал моделни тасвирлаётгандек кўринади.
Яна бир ижобий жиҳати шундаки, дискриминацияга қарши қатъий позиция. Ҳужжат AI тизимлари инсонларни жинси, миллати, дини ёки ижтимоий келиб чиқишига қараб камситмаслиги кераклигини белгилайди. Бу принцип халқаро стандартларга тўлиқ мос келади. Аммо бу ерда ҳам муҳим савол пайдо бўлади: алгоритмик тарафкашликни ким ва қандай аниқлайди? Агар тизим билвосита дискриминация қилса, масъулият ким зиммасига тушади — ишлаб чиқувчими, фойдаланувчими ёки давлатми?
Ҳужжатда масъулият масаласи бор, лекин у ҳам умумий шаклда ифодаланган. Сунъий интеллект иштирокчилари ўз ҳаракатлари учун жавобгар бўлиши кераклиги қайд этилади. Бироқ, бу “жавобгарлик”нинг ҳуқуқий шакли, санкциялари ёки низоларни ҳал қилиш механизмлари очиқ қолмоқда. Бу эса этик қоидаларни реал ҳуқуқий инструментга айлантириш учун етарли эмас.
Энг қизиқарли жиҳатлардан бири ҳужжатнинг ўзи ҳали кучга кирмаганидир. У эълон қилингандан уч ой ўтиб кучга киради. Бу вақт оралиқ давр сифатида қаралиши мумкин. Шу билан бирга, бу ҳужжатнинг ўзи ҳали “синов босқичида” эканини ҳам англатади.
Умуман олганда, ушбу этика қоидалари Ўзбекистоннинг сунъий интеллектни тартибга солиш борасидаги сиёсий иродасини яққол кўрсатади. У халқаро стандартларга мос, мувозанатли ва эҳтиёткор ҳужжат. Аммо унинг асосий камчилиги мажбурийлик ва ижро механизмларининг етишмаслигида. Этика бу йўналиш берувчи компас, лекин у автоматик равишда ҳаракатни таъминламайди.
Агар мамлакатимиз ҳақиқатан ҳам AI соҳасида етакчи бўлишни истаса, кейинги босқич аниқ: этик қоидаларни мажбурий ҳуқуқий нормаларга айлантириш, мустақил назорат органларини яратиш ва реал жавобгарлик механизмларини жорий этиш. Акс ҳолда, бу ҳужжат яхши ёзилган, лекин амалда кучсиз қоладиган декларацияга айланиш хавфи бор.
Сунъий интеллект даврида энг катта савол технология ҳақида эмас, бошқарув ҳақида. Биз эса айнан шу саволга жавоб излаётган давлатлар қаторига қўшиламиз.
Гулноза Бобоева, ЎзА