Рақамли технологиялар халқаро маркази ташкил этилади
Бугунги замонавий дунёда инновациялар ва рақамлаштириш миллий иқтисодиётнинг барқарор ривожланишида асосий драйверларига айланди. Мамлакатимизда ҳам рақамли иқтисодиёт жадал ривожланиб, ахборот технологиялари соҳаси қўллаб-қувватланмоқда. Халқаро IT-компанияларни жалб қилиш орқали экспорт салоҳияти оширилмоқда.
Ахборот технологиялари соҳасининг жадал ўсиши шиддат билан ривожланаётган саноатнинг чақириқларига тезкорликда жавоб бера оладиган, мослашувчан ва илғор норматив-ҳуқуқий базани яратишни тақозо этади.
Бунда бозор иштирокчиларининг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, инвестицияларни жалб қилиш ва сунъий интеллект, катта маълумотлар каби илғор технологиялар билан ишловчи резидентлар учун шаффоф ва барқарор қонунчиликни яратиш асосий омил ҳисобланади.

Қуйи палата мажлисида депутатлар томонидан кўриб чиқилган навбатдаги “Рақамли технологиялар халқаро маркази тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Конституциявий қонуни лойиҳаси айни мақсадга қаратилган.
Депутат Б.Тўхтамуродовнинг қайд этишича, қонун лойиҳаси орқали Рақамли технологиялар халқаро маркази фаолиятини алоҳида ҳудудда махсус қонун билан тартибга солиш таклиф этилмоқда. Ушбу Конституциявий қонун лойиҳасининг мақсади — Рақамли технологиялар халқаро марказининг махсус ҳудуд сифатидаги мақомини ва унинг ҳудудида амал қиладиган махсус ҳуқуқий режимни белгилашдан иборат.
Унга кўра, Марказ ҳудудида махсус ҳуқуқий режимни яратиш, мослашувчан солиқ ва божхона режимини жорий этиш таклиф этилмоқда.

Шунингдек, Марказ иштирокчиларини қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш (рўйхатга олиш ва бошқариш учун ягона дарча ташкил этиш, интеллектуал мулк ва инвестицияларни ҳимоя қилиш кафолатлари), давлат органлари билан ўзаро ҳамкорлик йўналишларини белгилаш (давлат органлари ўртасидаги ўзаро муносабатларнинг аниқ тартибларини белгилаш, бизнес юритишда маъмурий тўсиқларни қисқартириш) назарда тутиляпти.
Марказ иштирокчилари учун “ягона дарча” тамойили асосида давлат хизматларини кўрсатиш ҳамда низоларни ҳал этишда халқаро ҳуқуқ нормаларидан фойдаланиш имкониятлари яратилмоқда.
Рақамли технологиялар халқаро маркази Ўзбекистонда жойлашган бўлиб, маҳаллий ишлаб чиқарувчилар фаолиятини чекламайди. Аксинча, янги, юқори қийматга эга иш ўринларини яратиш, соҳада замонавий кадрларни тайёрлашга хизмат қилади. Юртимизда IТ соҳасининг ялпи ички маҳсулотдаги улушини, рақамли секторга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ҳажмини оширади.
Қонун лойиҳасининг бугунги кундаги аҳамияти ва долзарблиги алоҳида эътироф этилиб, биринчи ўқишда концептуал жиҳатдан қабул қилинди.
Муҳтарама Комилова, ЎзА