Мамлакатнинг рақамли келажаги бугун шакллантирилмоқда
Тошкент, 20-апрел. Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги ва Ucell савдо белгиси остида фаолият юритувчи COSCOM MChJ ўртасида Англашув меморандуми имзоланди. Мазкур ҳужжат томонларнинг мамлакатда рақамли таълимни ҳамкорликда ривожлантириш ва IT-кадрлар тайёрлашни кучайтириш ниятини мустаҳкамлайди.
Беш йилга мўлжалланган ҳамкорлик рақамли технологиялар соҳасида таълим муҳитини тизимли ривожлантиришга қаратилган. Асосий эътибор замонавий таълим дастурларини йўлга қўйиш ва қўллаб-қувватлаш, илғор ечимларни татбиқ этиш ҳамда ёшларнинг амалий кўникмаларини ривожлантириш учун шароит яратишга қаратилади. Ўқитувчилар малакасини ошириш ва таълим жараёнига замонавий IT-компетенцияларини интеграция қилишга алоҳида аҳамият берилади.
Шунингдек, томонлар таълимга оид ташаббусларни фаол ривожлантириш ҳамда таълим ва технология соҳаси ўртасида барқарор ўзаро ҳамкорлик экотизимини шакллантирган ҳолда миллий ва халқаро лойиҳалардаги иштирокни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Амалий қадамлар қаторида хакатонлар, олимпиадалар ва соҳавий форумлар ўтказиш ўрин олган.
Андрей Шишковский, Ucell Бош директори:
“Рақамли таълимни қўллаб-қувватлаш ва ёшларнинг IT-кўникмаларини ривожлантириш — Ucell ижтимоий стратегиясининг асосий йўналишларидан биридир. 2024–2025 йилларда компания ёш мутахассисларнинг салоҳиятини оширишга қаратилган бир қатор ташаббусларни амалга оширди: Ўзбекистон терма жамоасининг Niderlandiya ва Germaniyaда бўлиб ўтган информатика бўйича Европа қизлар олимпиадасидаги иштирокини икки бор қўллаб-қувватлади, чекка ҳудудлардаги ёшлар учун ўтказилган миллий IT-хакатонга амалий кўмак кўрсатди ҳамда Coursera for Campus таълим дастурининг энг яхши иштирокчиларини рағбатлантирди. Шунингдек, таълим инфратузилмасини ривожлантиришга ҳам ўз ҳиссасини қўшди: Ucell кўмагида Тошкент ахборот технологиялари университетидаги аудитория рақамли ечимлар билан жиҳозланди. Ишончимиз комилки, бу йўналишдаги тизимли ишлар мамлакатнинг рақамли келажагини қурадиган янги авлод мутахассисларини шакллантиришга хизмат қилади”.
Рустам Каримжонов, Ўзбекистон Республикаси Рақамли технологиялар вазирлиги вазири ўринбосари:
“2026 йилда биз рақамли технологиялар соҳасида ёшлар учун имкониятларни кенгайтиришда давом этамиз. Иқтидорли талабалар ва ёш тадбиркорларнинг Web Summit, BETT, EWF ва ICT Week каби етакчи халқаро инновацион платформаларда иштирок этишини қўллаб-қувватлаш устувор вазифаларимиз сирасига киради.
Шунингдек, Тошкент вилоятида IT-Villages форматидаги Digital IT Education Campus лойиҳасини ишга тушириш, миллий терма жамоанинг халқаро олимпиадалардаги иштирокини қўллаб-қувватлаш ҳамда InfoTech 2026, ёзги киберлагер, GameFest ва Job&Edu Fest каби йирик тармоқ тадбирларини ўтказиш режалаштирилган”.
COSCOM MChJ рақамлаштириш соҳасидаги ижтимоий ва таълим лойиҳаларини қўллаб-қувватлаган ҳолда, ушбу ўзгаришларнинг ҳаракатлантирувчи кучларидан бири бўлишни мақсад қилган.
Томонларнинг ҳамкорлиги мамлакатда рақамли таълимни узоқ муддатли ривожлантириш ва талабгир IT-мутахассисларни тайёрлаш учун замин яратади. Ucell рақамли инфратузилмани изчил ривожлантириб, таълим ташаббусларига сармоя киритиб, Ўзбекистоннинг кучли кадрлар салоҳияти ва келажагини шакллантиришга ҳисса қўшаётган технологик етакчи саналади.
COSCOM MChJ (Ucell савдо белгиси): Ўзбекистон телекоммуникация бозорининг етакчи иштирокчиларидан бири бўлиб, GSM, UMTS, LTE ва 5G стандартларида хизмат кўрсатувчи уяли алоқа операторидир. Компаниянинг абонент базаси 11 миллиондан ошади. Компания мамлакат телекоммуникация инфратузилмаси ва рақамли иқтисодиётини ривожлантиришга изчил сармоя киритиб келмоқда. Сўнгги йиллардаги инвестицияларнинг умумий ҳажми 560 миллион АҚШ долларидан ошди.
Ucell компаниясида тармоқнинг ривожланиши ва барқарор фаолиятини, шунингдек, замонавий рақамли ечимларнинг жорий этилишини таъминлайдиган 2500 нафарга яқин ходим меҳнат қилади. Ucell компаниясининг миссияси: “Оддий, ҳамёнбоп ва ишончли хизматларни тақдим этамиз — одамлар билан ва одамлар учун ишлаймиз”.
Реклама