Умра рекламасида қонун бузганларга чора кўрилди
«Арзон умра», «қулай нарх», «шошилинг» каби рекламаларга ишонишдан олдин уларнинг қонунийлигига ҳам эътибор бериш керак. Зеро, ҳар қандай реклама амалдаги қонун талабларига жавоб бериши шарт.
Рақобат қўмитаси оммавий ахборот воситалари ва интернет тармоқларида жойлаштирилган рекламаларнинг «Реклама тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқлигини ўрганишда давом этмоқда.
Навбатдаги таҳлиллар давомида туроператорлар томонидан «Умра» тадбирини ташкил этиш ва ўтказишга оид эълонлар ўрганилди.
Натижада Қўмитанинг Фарғона, Наманган, Тошкент вилояти ҳамда Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармалари томонидан «Hamroh Tour», «Kabadoshlarim», «Yuksak Travel», «Murabbiy Travel», «Hikmat Travel» ва «Infin Tour»нинг инстаграм ҳамда телеграм саҳифаларида жойлаштирилган рекламаларида қонунчилик талаблари бузилгани аниқланди.
Шу муносабат билан ушбу рекламалар учун масъул мансабдор шахслар маъмурий жавобгарликка тортилди.
Рақобат қўмитаси маълум қилишича, бу каби ҳолатлар юзасидан назорат ишлари изчил давом эттирилади ҳамда қонун талабларига риоя этилиши таъминланади.
Н.Раҳмонова,
ЎзА