Ички йўллар янгиланмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 6 мартдаги "Сирдарё вилоятининг ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори асосида Гулистон туманида ички йўл инфратузилмасини яхшилаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Мазкур қарор доирасида туманнинг 40 та ички кўчасида 25 километрдан ортиқ йўлга сифатли асфальт қопламаси ётқизилиб, фойдаланишга топширилди. Бу эса маҳаллаларда транспорт ҳаракатини енгиллаштириш, аҳоли учун қулай ва хавфсиз қатнов шароитларини яратишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Белгиланган манзилли дастурга мувофиқ, Гулистон туманининг 19 та маҳалласидаги 48 та ички кўчада жами 30 километр йўлни асфальтлаш режалаштирилган. Айни пайтда режанинг асосий қисми бажарилиб, қолган ҳудудларда ҳам йўлсозлик ишлари жадал суръатларда давом эттирилмоқда.

Йўлларни таъмирлаш ва асфальтлаш жараёнида сифат масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Гулистон тумани Йўллардан фойдаланиш давлат муассасаси мутахассислари томонидан замонавий техника воситалари ёрдамида амалга оширилаётган ишлар белгиланган техник талаблар асосида олиб борилмоқда.
Қурилиш-таъмирлаш ишларининг бориши ва сифати билан танишиш мақсадида Гулистон тумани ҳокими Олимжон Жўраев Олтин водий маҳалласида бўлиб, амалга оширилаётган ишлар жараёнини кўздан кечирди. Масъулларга йўл қопламаларининг сифатли бажарилишини таъминлаш, белгиланган муддатларга риоя қилиш ҳамда ишларни самарали ташкил этиш бўйича тегишли кўрсатмалар берилди.

Ички йўлларнинг босқичма-босқич янгиланиши маҳаллаларнинг ободлигига, аҳоли турмуш шароитининг яхшиланишига хизмат қилмоқда. Илгари ҳаракатланишда қийинчилик туғдирган йўлларнинг замонавий қопламага эга бўлиши натижасида фуқаролар учун кундалик қатнов янада қулай ва хавфсиз бўлмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири