Халқаро тиббий таълимнинг яна бир тарихий саҳифаси
Мамлакатимизда Президент ташаббуси билан олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантириш, дунёнинг нуфузли университетлари билан ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда рақобатбардош тиббиёт кадрларини тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ана шу эзгу ислоҳотлар самараси сифатида Бухоро давлат тиббиёт институтида Туркия Республикасининг Соғлиқ билимлари университети билан ҳамкорликда ташкил этилган Туркия тиббиёт факультети бугун нафақат мамлакатимиз, балки минтақадаги энг истиқболли халқаро таълим лойиҳаларидан бирига айланди.
Мазкур факультетнинг битирувчиларига диплом топшириш тантанаси бугунги ислоҳотларнинг амалий натижаси, Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги мустаҳкам дўстлик ҳамда стратегик ҳамкорликнинг яна бир ёрқин ифодаси бўлди.
Туркия тиббиёт факультетида 2018 йил 22 ноябрда имзоланган англашув меморандуми ва 2019 йил 16 октябрда тасдиқланган ҳамкорлик шартномаси асосида ташкил этилган. 2019–2020 ўқув йилидан бошлаб “даволаш иши”, “олий ҳамширалик иши (анестезиология)”, “шошилинч тиббий ёрдам” ҳамда “физиотерапия” таълим йўналишлари бўйича ўқув жараёни йўлга қўйилди. 2025–2026 ўқув йилидан эса замонавий тиббиётнинг энг талабгир соҳаларидан бири бўлган “стоматология” йўналиши ҳам очилди.

Бугун факультет нафақат халқаро таълим дастурларини жорий этаётган, балки икки давлатнинг илмий салоҳияти, тажрибаси ва замонавий тиббий ёндашувларини ўзида мужассам этган нуфузли таълим маскани сифатида эътироф этилмоқда.
Диплом топшириш маросимида Туркия Республикаси Соғлиқ билимлари университети ректори, профессор Камолиддин Айдин, Бухоро давлат тиббиёт институти ректори Шуҳрат Тешаев, Бухоро вилоятидаги олий таълим муассасалари ректорлари, профессор-ўқитувчилар, битирувчиларнинг ота-оналари, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик иштирок этди.
Тадбирда сўз олган мутасаддилар кейинги йилларда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик мутлақо янги босқичга кўтарилганини алоҳида таъкидладилар. Қайд этилганидек, ушбу факультет фаолияти икки мамлакатнинг ўзаро ишончи, илм-фан ва инновацияларга таянган тараққиёт стратегиясининг амалий самарасидир.
Шунингдек, битирувчиларга тиббиёт соҳасида нафақат чуқур билим ва юксак малака, балки инсон ҳаёти учун масъулият, меҳр-оқибат, ҳалоллик ва фидойилик каби юксак фазилатлар ҳамиша устувор бўлиши лозимлиги таъкидланди. Уларга аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, соғлиқни сақлаш тизимини янада ривожлантириш ва мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиш йўлида улкан муваффақиятлар тилаб қолинди.

Маросимнинг энг ҳаяжонли лаҳзаларида факультетни муваффақиятли тамомлаган қарийб 200 нафар битирувчига дипломлар тантанали равишда топширилди. Бу нафақат ёш шифокорлар ҳаётидаги унутилмас кун, балки уларнинг орзу-мақсадлари рўёбга чиққан, масъулиятли касбий фаолиятга қадам қўйган муҳим тарихий палла сифатида муҳрланди.
Энг муҳими, бугун Бухорода тайёрланаётган шифокорлар халқаро стандартлар асосида билим олган, замонавий тиббий технологияларни пухта ўзлаштирган ва келажакда нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсда ҳам рақобатлаша оладиган кадрлар сифатида майдонга чиқмоқда.
Туркия тиббиёт факультетининг битирувчиларига дипломлар топширилиши Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган таълим ислоҳотларининг, Президент ташаббуси билан халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган сиёсатнинг яна бир муҳим натижаси бўлиб, мамлакатимиз тиббий таълими тараққиётида янги босқични бошлаб берган тарихий воқеа сифатида эътироф этилди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири