Юнусободда "Яшил боғ" сақлаб қолинди
Бугун яшил майдонларни сақлаш ва янада кўпайтириш масаласи ҳар қачонгиданда долзарб аҳамиятга эга ҳисобланади. Зеро, яшиллик экологик муаммоларни юмшатиш, атмосфера ҳавосини яхшилашда муҳим ўрин тутади.
Бу борада Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари ва депутатлари томонидан қатор ишлар амалга оширилмоқда. Юнусобод тумани Адолат маҳалласи 80/14- ва 80/1-уйлар олдидаги яшил ҳудудни "Яшил боғ" сифатида ташкил этиш юзасидан Ўзбекистон Экологик партиясига бир гуруҳ фуқаролардан мурожаат келиб тушган эди. Мазкур мурожаат асосида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори талаблари ҳамда мутасадди ташкилотларнинг илмий хулосалари асосида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгашининг тегишли қарори қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Адолат маҳалласи ҳудудидаги 2 500 квадрат метр ер майдонида "Яшил боғ" барпо этилиши белгиланган бўлиб, яшил ҳудудни сақлаш, мунтазам парваришлаш ҳамда экологик барқарорликни таъминлаш бўйича аниқ вазифалар юклатилган. Қарор ижросини таъминлаш ва амалга оширилаётган ишларнинг ҳолатини жойида ўрганиш мақсадида Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши депутатлари, шунингдек, Экопартиядан сайланган маҳаллий Кенгаш депутатлари С.Файзиева, Ш.Умархўжаева, О.Туганбеков, Н.Воропаева, Ўзбекистон Экологик партияси Юнусобод туман партия ташкилоти раиси Ш.Абдуқодирова ҳамда ОАВ вакиллари иштирокида ўрганиш ишлари олиб борилди.
Ўрганиш давомида "Яшил боғ"ни ташкил этиш ишлари, мавжуд дарахтларнинг сақланиш ҳолати, уларни суғориш, озиқлантириш ва парваришлаш бўйича амалга оширилаётган чоралар кўздан кечирилди. Депутатлар маҳалла фаоллари ва масъул ташкилотлар вакиллари билан мулоқот ўтказиб, Кенгаш қарорида белгиланган вазифаларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, яшил ҳудуднинг келгусида самарали сақланиши ҳамда фуқаролар учун қулай экологик маскан сифатида ривожлантирилиши юзасидан тегишли тавсия ва топшириқлар берди.
Халқ депутатлари Тошкент шаҳар Кенгаши томонидан қабул қилинган мазкур қарор ижроси депутатларнинг доимий назоратида бўлиб, "Яшил боғ"ни барпо этиш ва уни асраб-авайлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар изчил мониторинг қилиб борилади.
М.Комилова,
ЎзА