Трамп ва Си Цзиньпин музокарасида асосий мавзу Тайвань бўлиши кутилмоқда
“Ушбу учрашув Тайваннинг 23 миллион аҳолиси учун орол вакили таклиф қилинмаган муҳим тадбир сифатида ёдда қолиши мумкин”, деб ёзди “Reuters” агентлиги.
Пекин Тайвань масаласини Вашингтон билан бўлажак музокаранинг марказий мавзусига айлантирмоқчи.
Хитой билан кенгроқ келишув, жумладан савдо ва иқтисодий босим доирасида Қўшма Штатларнинг эҳтимолий ён бериши Тайпейда хавотир уйғотмоқда. Манбаларга кўра, Пекин фикрича, Вашингтон ҳарбий можародан манфаатдор эмас ва эскалациядан қочиш учун Тайванга нисбатан эҳтиёткор позицияни эгаллаши мумкин.
Қўшма Штатлар “ягона Хитой” сиёсатини олиб бормоқда. Яъни, Тайвань суверенитети борасида расман ҳеч қандай қарашга эга эмас. Шунчаки, оролни ўз ҳудуди деб биладиган Хитой ёндашувини тан олади, лекин қабул қилмайди. Америка орол мустақиллигини “қўллаб-қувватламаслиги”, фақат ўзини ҳимоя қилишда Тайванга ёрдам беришини таъкидлаб келади.
С.Раҳимов, ЎзА