Сирдарёда “Китобхон Kids” ғолиблари аниқланди
Сирдарёда болаларнинг китобга бўлган муҳаббатини оширишга қаратилган навбатдаги муҳим ташаббус ўз самарасини берди. Вилоят Ёшлар марказида ўтказилган “Китобхон Kids” танловининг вилоят босқичи нафақат ғолибларни, балки мутолаага чанқоқ, фикри теран, дунёқараши кенг ёшларни ҳам кашф этди.
Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатимизда китобхонлик маданиятини юксалтириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Шу мақсадда қабул қилинган қарорлар ижроси доирасида ўтказилаётган мазкур танлов ҳам ана шу эзгу мақсадга хизмат қилади. У 7-10 ва 11-14 ёш тоифасидаги болаларни қамраб олгани билан аҳамиятлидир — айнан шу даврда китобга бўлган қизиқиш шаклланади, фикрлаш доираси кенгаяди.
Танловнинг очилиш маросимида сўз олган Сирдарё вилоят Ёшлар ишлари бошқармаси масъул ходими Дониёр Аҳрорқулов китоб инсонни тарбияловчи энг кучли восита эканини таъкидлаб, бу каби беллашувлар ёшларнинг интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда муҳим ўрин тутишини қайд этди. Айниқса, танлов жараёнларининг тўлиқ рақамлаштирилиб, “Mutolaa” мобил иловаси орқали ўтказилгани унинг шаффофлиги ва замонавийлигини таъминлади. Бу эса китобхонликни рағбатлантиришда янги ёндашувлар самара бераётганини кўрсатади.
[gallery-29118]
Беллашувлар тобора қизиб, иштирокчиларнинг билим ва тафаккур салоҳияти синовдан ўтган ҳал қилувчи паллада энг муносиблар сараланди. Хусусан, 7-10 ёшли болалар ўртасида кечган баҳсларда Оқолтин туманидан иштирок этган Нафиса Рустамова ўзининг чуқур мутолааси, тезкор фикрлаши ва аниқ жавоблари билан 1-ўринни эгаллади.
11-14 ёш тоифасида эса рақобат янада кескин тус олди. Гулистон шаҳридан қатнашган Мадина Дўсматова билимдонлик, таҳлил қилиш қобилияти ва китоб мазмунига чуқур ёндашуви билан барча рақибларидан устун келиб, ғолибликни қўлга киритди.
Эътиборли жиҳати, барча ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан дипломлар ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди. Бу эса ёш китобхонларнинг келгусидаги интилишлари учун муносиб рағбат бўлиб хизмат қилади. Зеро, китоб ўқиган авлод фикрлайдиган, таҳлил қиладиган ва эртанги кун учун масъулиятни ҳис этадиган бўлиб улғаяди.
Ғулом Примов, Умид Обиджонов (сурат), ЎзА