Навбатдаги битирув тадбири бўлиб ўтди (+видео)
Ички ишлар вазирлиги Малака ошириш институтида навбатдаги бошланғич касбий тайёргарлик ўқув курси якунланиши муносабати билан 411 нафар тингловчиларнинг битирув тантанали тадбири бўлиб ўтди.
Ўқув курсида назарий ва амалий машғулотлар институт профессор-ўқитувчилари ва соҳавий хизматларнинг тажрибали амалиёт ходимлари томонидан замонавий ахборот коммуникaция технологияларини қўллаган ҳолда интерфаол усулларда давра суҳбати, баҳс-мунозара, семинар-тренинг, амалий машғулот шаклларида олиб борилди.
Машғулотларда тингловчиларнинг касбий, ҳуқуқий, ижтимоий-сиёсий, жанговар-жисмоний, руҳий, тиббий тайёргарлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилди. Фуқаролар билан мулоқотларда юзага келадиган ностандарт вазиятлар, муаммоли ҳолатлар юзасидан Институт профессор-ўқитувчилари томонидан тайёрланган видеолавҳалар орқали мавзуларга доир ҳуқуқий ечим ва тавсиялар кўрсатилди. Шунингдек, дам олиш кунлари “Ислом цивилизация маркази”, “Ички ишлар органлари тарихи музейи”, “Шаҳидлар хиёбони”, “Ғалаба” ва “Янги Ўзбекистон” боғларига экскурсиялар ташкил этилди. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида тингловчилар машғулотлардан сўнг ҳудудларни ободонлаштириш, янги боғ барпо қилиш ишларида ҳам фаол иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар Ички ишлар органларини халқнинг ишончли ҳимоячиси сифатида халқчил профессионал тузилмага айлантириш, соҳани билимли, замонавий фикрлайдиган, юксак инсоний ва етук салоҳиятга эга ёш кадрлар билан тўлдириш бўйича бир қатор чора-тадбирлар амалга оширилаётганлигини эътироф этдилар.
Тантанали тадбир давомида битирувчиларга келгусидаги хизмат фаолиятида юксак масъулият, ватанпарварлик ва фидойилик билан хизмат қилиш зарурлиги таъкидланди. Шунингдек, улар эгаллаган билим ва кўникмаларини амалиётда самарали қўллашлари лозимлиги қайд этилди.
Тантанали тадбирда ўқув дастурлар талабларини тўлиқ ўзлаштирган якуний синов-имтиҳонларни муваффақиятли топширган тингловчиларга сертификатлар топширилди.
Ўқув курси давомида ўзининг касбий билимларини ошириш, амалий кўникмаларини такомиллаштириш, дунёқарашини янада кенгайтиришга интилиб, юқори кўрсаткичларга эришган ҳамда намунали хулқи учун бир гуруҳ тингловчилар фахрий ёрлиқ ва ташаккурнома билан тақдирланди.
Шунингдек, мазкур тадбир муносабати билан институтда “Очиқ эшиклар куни” ташкил этилиб, у кенг жамоатчилик учун катта қизиқиш уйғотди. Унда Бектемир туманидаги 290, 291 ва 293-сонли умумтаълим мактаблари ўқувчилари иштирок этдилар.
Тадбир якунида иштирокчилар бундай тадбирлар ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашда муҳим аҳамиятга эга эканини алоҳида таъкидладилар.
<iframe width="815" height="458" src="https://www.youtube.com/embed/qH0-gEa1Tko" title="Navbatdagi bitiruv tadbiri bo`lib o`tdi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳайё Турдалиева, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА