Партия пленумида долзарб масалалар муҳокама этилди
Нукусда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг IV пленуми бўлиб ўтди.
Унда партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари, партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши масъул ходимлари, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳи аъзолари, партиянинг шаҳар ва туман кенгаши раислари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
Пленум кун тартибида партия Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши Ижроия қўмитасининг 2025 йилдаги фаолияти юзасидан ҳисоботи, Жўқорғи Кенгесидаги партия фракциясининг амалга оширган ишлари бўйича ахбороти, партия кенгашининг бюджети ижроси ва келгуси йилга мўлжалланган асосий кўрсаткичлар муҳокама қилинди. Шунингдек, партия Марказий Кенгаши пленуми қарорларининг мазмун-моҳияти атрофлича кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2025 йил давомида партия фаолияти Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, амалдаги қонунлар, Президент фармон ва қарорлари, партия Устави ҳамда дастурий ҳужжатлар асосида тизимли ташкил этилди. Ҳисобот даврида партия органлари томонидан 115 та қарор қабул қилиниб, улар орқали ижтимоий-сиёсий жараёнларда партиянинг фаол иштироки таъминланди. Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси аъзолари томонидан сайловчилар билан 346 та учрашув ўтказилиб, 452 та муаммо аниқланди. Уларнинг 442 таси ҳал қилиниб, аҳоли мурожаатларига самарали ечим топилди.
[gallery-29117]
Партиянинг сайловолди дастури ижросини таъминлаш мақсадида депутатлик корпуси томонидан 749 та депутатлик сўрови юборилиб, уларнинг барчаси ижобий ҳал этилди. Шунингдек, 122 маротаба сессияларда ҳудудий раҳбарлар ва мансабдор шахсларнинг ҳисоботи тингланди.
Ўтган даврда партиянинг депутатлик бирлашмалари томонидан аҳоли бандлигини таъминлаш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш, соғлиқни сақлаш ва таълим тизимини ривожлантириш, шунингдек, қишлоқ жойларда инфратузилма ва хизматлар сифатини яхшилаш ҳамда бошқа муҳим ижтимоий-иқтисодий масалаларга доир жами 128 та масала партия гуруҳларида, 128 та масала доимий комиссияларда ва 126 та масала маҳаллий Кенгашлар сессияларида кўриб чиқилди.
Ҳисобот даврида Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги партия фракцияси, халқ депутатлари шаҳар ва туман Кенгашларидаги партия гуруҳлари аъзолари ҳамкорлигида ҳудудда олиб борилаётган ислоҳотлар ва уларнинг натижадорлиги билан боғлиқ жараёнларни ўрганиш ишлари олиб борилди.
Хусусан, фуқароларга ижтимоий хизмат кўрсатиш, камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнида юзага келаётган муаммоларни ўрганиш бўйича шаҳар ва туман “Инсон” ижтимоий хизматлар марказлари, шаҳар ва туманлардаги Камбағалликни қисқартириш ва бандлик бўлимларида учрашувлар ўтказилди. Мулоқот жараёнида соҳадаги ислоҳотлар ва келгуси вазифалар муҳокама этилиб, ечимини кутаётган масалалар бўйича таклифлар ҳам ўрганилди.
Жойлардаги муаммоларни ўрганиш, уларни ҳал этиш, фуқароларга ҳуқуқий маслаҳат бериш борасида муайян ишлар олиб борилди. Жумладан, партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси, шаҳар ва туман кенгашлари қошидаги “Жамоатчилик қабулхоналари”га фуқаролар томонидан жами 1 минг 473 та мурожаат келиб тушди. Ушбу мурожаатларнинг 1 минг 441 таси, яъни 97 фоизи партия масъул ходимлари ҳамда депутатлар иштирокида ижобий ҳал қилишга эришилди. Бу эса аҳоли билан ишлаш самарадорлиги сезиларли даражада ошганини кўрсатади.
Ҳисобот даврида партия сафи кенгайиб, аъзолар сони 67 минг 568 нафарга етди. Улар таркибидаги ёшлар улуши 42,15 фоиз ва аёллар улуши 50 фоизга етди. Янгидан 29 та бошланғич партия ташкилоти ташкил этилди.
Шу билан бирга, партиянинг сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалардан келиб чиқиб, “Депутат маҳаллада”, “Қувонч ва меҳр улашайлик”, “Саломатлик акцияси”, “Орзулар дунёси”, “Сиёсатдаги ёшлар”, “Имкон”, “Узоқ умр калити”, “Депутат ва ёшлар”, “Сиёсатдаги ёшлар” турнири, “Ижтимоий ташаббуслар” акцияси, “Бир-биримизни қўллаб-қувватлайлик”, “Сафимиздаги ёшлар”, “Имконияти чексиз аёллар” каби лойиҳа ва акция амалга оширилди. Уларда 21 минг нафардан ортиқ фуқаро қамраб олинди.
Пленумда кун тартибидаги масалалар юзасидан пленум аъзолари, депутатлар, партия туман кенгашлари раислари ўз фикр-мулоҳазаларини ва таклифларини билдирди. Шулар асосида Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республикаси Кенгашининг устувор вазифалари белгилаб олинди.
Пленум якунида кун тартибидаги муҳокама қилинган масалалар бўйича тегишли қарорлар қабул қилинди.
Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА.