Сирдарёда аҳоли мурожаатлари муҳокама этилди
Сирдарё вилоят ҳокимлигида Президент маслаҳатчиси ўринбосари Пўлат Бобожонов ҳамда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов иштирокида аҳоли мурожаатлари ва уларни ҳал этиш масалаларига бағишланган муҳокама бўлиб ўтди. Мулоқот аввалида давлатимиз раҳбари томонидан 2026 йил 13 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида белгиланган вазифалар ва мурожаатлар билан ишлаш тизимини такомиллаштириш механизмлари атрофлича тушунтирилди.
Муҳокама давомида масалалар яширилмай, бор гап борича муҳокама қилинди. Видеоалоқа орқали боғланган барча раҳбарларга соҳадаги камчиликлар, айрим ҳудудларда ишлар оқсаётгани ва аҳоли мурожаатларига совуққонлик билан қаралаётгани очиқ айтилди. Энг муҳими, муаммоларни яшириш эмас, балки уларни тан олиб, бартараф этиш зарурлиги таъкидланди.

Йиғилишда республика ишчи гуруҳининг ташрифи шунчаки навбатдаги расмий тадбир эмас, балки маҳаллий даражада ҳал этилмаган масалаларни биргаликда ечишга қаратилган янгича ёндашув экани урғуланди. Эндиликда вазирлик ёки идоралар жавобини ойлаб кутиш замони ўтди: агар масала мавжуд бўлса, унинг ечими ҳам шу ернинг ўзида топилиши керак.

Ҳар бир мурожаат ортида инсон ҳаёти ва унинг эртанги кунга бўлган ишончи турибди. Шу боис, қоғоздаги “ижро қилинди” деган қайдлардан кўра, масаланинг тубдан ва самарали ҳал этилиши аҳамиятлидир. Ҳозирги тизимда ким фақат гапириш билан бандлиги-ю, ким ҳақиқатда халқ учун меҳнат қилаётгани ҳам аниқ намоён бўлади.

Йиғилиш якунида раҳбарлар аҳоли мурожаатларини диққат билан ўрганиши, муаммоларни замонавий, амалий ва тизимли ёндашув орқали бартараф этишга қаратилган чора-тадбирларнинг муҳимлиги таъкидланиб, масъулларга аниқ вазифалар белгилаб берилди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири