Сайёр қабулга 300 га яқин мурожаат келиб тушди
Гулистон шаҳридаги истироҳат боғида Сирдарё вилоят Халқ қабулхонасининг навбатдаги сайёр қабули ташкил этилди. Унда вилоят ҳокими Эркинжон Турдимов раҳбарлигида вилоят прокуратураси, ички ишлар ва солиқ идоралари раҳбарлари, шунингдек шаҳар ҳокимлиги мутасаддилари иштирок этиб, фуқароларнинг дарду ташвишларини бевосита тинглади.
Очиқ мулоқот, самимий суҳбат ва амалий ечимларга йўналтирилган ушбу қабул аҳоли фаоллиги билан ажралиб турди. Қарийб 300 га яқин мурожаат келиб тушгани бундай тадбирларга эҳтиёж юқори эканини яна бир бор кўрсатди. Мурожаатларнинг асосий қисми Гулистон шаҳри аҳолиси ҳиссасига тўғри келган бўлса-да, Боёвут, Мирзаобод ва Гулистон туманларидан ҳам кўплаб фуқаролар ўз муаммолари билан иштирок этди.

Мурожаатлар мазмуни таҳлил қилинганда, уларнинг катта қисми ижтимоий ҳимоя, уй-жой, коммунал хизматлар, иш билан таъминлаш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш каби долзарб масалаларга тааллуқли экани аён бўлди. Айниқса, инфратузилмани, йўл ва ичимлик суви таъминотини яхшилашга оид таклиф ва шикоятлар мутасаддилар эътибор марказида бўлди.
Қабул давомида кўплаб мурожаатлар жойида ҳал этилди. Жумладан, ҳужжатлаштиришдаги кечикишлар, ижтимоий нафақалар тайинлаш ва айрим коммунал муаммолар масъуллар иштирокида шу ернинг ўзида ижобий ҳал этилди. Қўшимча ўрганиш талаб этиладиган мураккаб масалалар бўйича эса мутасаддиларга аниқ топшириқлар берилиб, уларни ҳал этиш учун 15 кунлик муддат белгиланди.

Энг муҳими, барча мурожаатлар вилоят ҳокимлиги томонидан электрон тизим орқали назоратга олинди. Бу эса ҳар бир мурожаат ортида аниқ ижро ва шахсий масъулият таъминланишини англатади.
Бундай сайёр қабуллар нафақат муаммоларни эшитиш, балки уларга тизимли ечим топиш, давлат идоралари ва аҳоли ўртасидаги мулоқотни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этмоқда. Шу маънода, Гулистон шаҳрида ўтказилган мазкур тадбир аҳолининг ишончини мустаҳкамлаш ва уларни қийнаётган масалаларга амалий ечим топишда яна бир муҳим қадам бўлди.
Ғулом Примов, ЎзА