“Бу дунёнинг кўрки одам боласи”
Қорақалпоқ мумтоз адабиётининг ёрқин намояндаси, буюк шоир Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллуди муносабати билан Нукус шаҳридаги ҳайкали пойига гулчамбарлар қўйиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси вакиллари, Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти профессор-ўқитувчилари, адабиётшунос олимлар, талаба ва ўқувчи ёшлар иштирок этди.

Ёзувчи ва шоирлар, олимлар ёшларга шоирнинг ҳаёти, ижоди, асарларининг нафақат қорақалпоқ адабиёти, балки шарқ халқлари адабиётида тутган ўрни, ижодининг ўзига хос хусусиятлари ҳақида маълумот берди.
Институт талаба-ёшлари шоир шеърларидан парчалар, юртимизнинг таниқли ижодкорлари шоирнинг хотирасига атаб ёзган шеърларини ўқиди.

Шу куни Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда “Бу дунёнинг кўрки одам боласи” мавзусида республика илмий конференция бўлиб ўтди.
Унда олий таълим муассасалари, илмий-тадқиқот марказларидан олимлар, таниқли ёзувчи ва шоирлар, институт профессор-ўқитувчилари, талабалар иштирок этди.
Анжуманда Ажиниёз Қўсибой ўғлининг ҳаёти ва ижоди, шоир асарларининг ўзбек, қозоқ, туркман ва бошқа туркий халқлар адабиётида тутган ўрни, XIX асрдаги қорақалпоқ адабиётининг ривожланишида Ажиниёз ижодининг аҳамияти, бугунги кунда унинг асарларини ўрганиш ва келажак авлодларга етказилиши каби масалалар бўйича маърузалар қилинди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбарининг 2024 йилнинг 16 июлдаги “Атоқли қорақалпоқ шоири ва мутафаккири Ажиниёз Қўсибой ўғли таваллудининг 200 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори асосида ҳассос шоирнинг юбилейи республика ва халқаро миқёсда кенг нишонланди.
Дарҳақиқат шоир дунёни чуқур ва ўткир таниган, қорақалпоқ халқининг маънавий дунёсини бойитишга катта ҳисса қўшган, адабиётимизни нафақат ривожлантириб, қўшни халқларга танитган улуғ зотдир. Ўзи яшаган даврда феодал муносабатлари ҳукм суриб турган бўлса-да, унинг ақл-идроки бир аср олдинга ривожланиб, “бу дунёнинг кўрки ‒ одам боласи” эканлиги ҳақида гуманистик хулосага келганлиги ҳам унинг инсоний фазилатларини кўрсатиб беради.
Конференцияда маърузачилар ва сўзга чиққанлар шоир ижодини халқаро миқёсда тарғиб қилиш, асарларини хорижий тилларга таржима қилиш, шу билан бирга, ижодининг янги қирраларини кашф этиш мақсадида амалга оширилаётган илмий-тадқиқот ишларининг аҳамияти бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди.
Довуд Абибуллаев, ЎзА