Чақалоқда мураккаб жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди
Сирдарё вилоятида тиббиёт соҳасида яна бир муҳим ютуқ қайд этилди. Вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида туғма аномалия — орқа мия чурраси (спина бифида) билан туғилган бир ярим ойлик чақалоқда мураккаб нейрожарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилди.
Маълумки, орқа мия чурраси ҳомиладорлик даврида она организмида кечган турли инфекцион касалликлар, жумладан, шамоллаш, витамин етишмовчилиги ёки бошқа омиллар таъсирида шаклланадиган оғир туғма нуқсонлардан бири ҳисобланади. Ушбу касалликда боланинг умуртқа поғонаси тўлиқ ёпилмайди ва орқа мия ҳамда асаб тўқималари ташқи муҳит таъсирига очиқ ҳолда қолади. Бу эса жиддий асоратлар — ҳаракат чекланиши, фалажлик, ички аъзолар фаолияти бузилиши, ҳатто ҳаёт учун хавфли ҳолатларга олиб келиши мумкин.

Шу вақтгача бундай мураккаб жарроҳлик амалиётлари асосан республика ихтисослаштирилган марказларида ўтказиб келинган бўлса, эндиликда давлатимиз раҳбарининг оналар ва болалар саломатлигини муҳофаза қилиш, ихтисослашган тиббий хизматни ҳудудларга яқинлаштириш бўйича берган топшириқлари ижроси доирасида мазкур амалиётлар вилоят даражасида ҳам йўлга қўйилмоқда.
Сирдарё вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази нейрохирургия бўлимида олий тоифали нейрохирург Шуҳрат Қиличов, шунингдек, Республика ихтисослаштирилган нейрохирургия илмий-амалий тиббиёт маркази нейрохирургия маркази нейрохирурги, тиббиёт фанлари номзоди Югай Игорь Александрович ҳамкорлигида илк мураккаб амалиётлар амалга оширилмоқда.

Бундан бир ой муқаддам ҳам бир ойлик чақалоқда шундай жарроҳлик амалиёти муваффақиятли ўтказилган эди.
Куни кеча эса Ширин шаҳрида 2026 йил 26 февраль санасида дунёга келган бир ярим ойлик чақалоқда навбатдаги шундай амалиёт муваффақиятли бажарилди.
Амалиётда нейрохирург Шуҳрат Қиличов ва анестезиолог Анвар Муҳаммадиев иштирок этди.
— Бизга келганда беморнинг ҳолати қониқарли эди. Барча зарур лаборатор ва инструментал текширувлардан сўнг жарроҳлик амалиётини ўтказдик. Энг хавфли жиҳати шунда эдики, туғма аномалия ёрилиб кетган, бу эса оғир инфекцион асоратлар келтириб чиқариши мумкин эди, — дейди мутахассис.
Шифокорлар томонидан ўз вақтида кўрсатилган тиббий ёрдам ва муваффақиятли ўтказилган жарроҳлик амалиёти натижасида ҳозирда чақалоқнинг аҳволи яхши, у шифокорлар назорати остида даволанмоқда.
Ғулом Примов, ЎзА