Ўзбекистон-Германия: ёшлар келажаги учун халқаро таълим имкониятлари кенгаймоқда
Ўзбекистон ва Германия ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Бу ҳамкорлик олий таълим сифатини ошириш, замонавий билим ва тажрибалар алмашинувини кенгайтириш ҳамда талабалар ва ўқитувчилар учун кенг халқаро имкониятлар яратишга хизмат қилади.
Айтиш керакки, ҳар икки давлат университетлари ўртасида амалга оширилаётган қўшма дастурлар, академик алмашинувлар ва илмий лойиҳалар таълим соҳасидаги интеграцияни янада чуқурлаштирмоқда. Бу жараёнда Саксония олий таълим муассасаларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси алоҳида ўрин тутади.

Бу ҳақда ваколатхона раҳбари Злиха Тилеуова ЎзА мухбирига интервью берди:
– Аввало, икки мамлакат ўртасида таълим соҳасидаги ҳамкорлик бошқа йўналишлар қатори изчил ривожланиб бормоқда. Бу эса Ўзбекистон ёшлари учун кенг имкониятлар эшигини очади, уларнинг касбий шаклланиши ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашида муҳим аҳамият касб этади.
Дарҳақиқат, Саксония олийгоҳларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ана шундай эзгу мақсадларни амалга оширишда фаол иштирок этишни ўзининг асосий вазифаларидан бири сифатида кўради.
Мақсадимиз Ўзбекистон ва Германия олий таълим муассасалари ўртасида академик, илмий ва маданий ҳамкорликни янада кенгайтириш, талабалар ва профессор-ўқитувчилар учун алмашинув дастурларини ривожлантириш ҳамда ёшларнинг халқаро таълим муҳитига кенгроқ интеграциясини таъминлашдан иборат.
Шу маънода, ваколатхонамиз Германиянинг Саксония федерал еридаги олий таълим муассасалари билан Ўзбекистон ўртасида академик ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қиладиган муассаса ҳисобланади. У 2022 йилда ташкил этилган бўлиб, Тошкент шаҳрида жойлашган. Унинг асосий ҳамкорлари қаторига Дрезден техник университети, Лейпциг университети, Фрайберг давлат техника университети ҳамда бошқа қатор етакчи олий таълим муассасалари киради.
Ваколатхона Ўзбекистон олий таълим муассасалари билан илмий, таълимий ва маданий алоқаларни йўлга қўйиш, шунингдек, Германияда таҳсил олишни режалаштираётган ёшларга ахборот ва маслаҳат хизматини кўрсатиш билан шуғулланади.
Бугунги кунда ваколатхона ўз фаолияти доирасида ўзбекистонлик талабаларни ушбу университетларда таҳсил олиш имкониятлари билан таништириш баробарида, мамлакатимизнинг турли ҳудудлари ҳамда қўшни давлатларда ташкил этилаётган таълим кўргазмаларида ҳам фаол иштирок этиб келмоқда.
Яқинда Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида “International Education Fair 2026” халқаро кўргазмаси бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда Саксония олийгоҳларининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўз таълим дастурларини намойиш этиб, талабаларга хорижий таълим ва стипендия имкониятлари ҳақида батафсил маълумот берди.
Кўргазма доирасида мутахассисларимиз хорижда таҳсил олиш йўллари, талабалар учун мавжуд стипендия турлари, академик ва маданий дастурларда иштирок этиш имкониятлари ҳамда халқаро университетлар билан ҳамкорлик масалалари бўйича кенг тушунтириш ишларини олиб борди.
Шунингдек, Остона шаҳридаги бир қатор мактабларда ҳам тақдимотлар ташкил этилди. Уларда иштирокчилар стипендиялар, хорижда таҳсил олиш учун талаб этиладиган ҳужжатлар ва малака талаблари бўйича батафсил маълумот олиш имкониятига эга бўлди.
Яқин кунларда мазкур тақдимотлар мамлакатимизнинг барча вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикасида ҳам давом эттирилади.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бу каби тадбирлар нафақат ёшларни хорижий таълим имкониятлари билан таништириш, балки уларнинг келажакдаги касбий ва академик йўналишларини аниқлашда ҳам муҳим қадам бўлиб хизмат қилмоқда.
ЎзА мухбири Насиба Зиёдуллаева ёзиб олди.