Самарқандда Индонезия руҳи
Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуаси яқинида “Kampung Indonesia” (Индонезия маҳалласи) меҳмонхона ва ошхонаси фаолият бошлади.
Самарқанд вилояти ҳокимлиги делегациясининг яқинда Индонезияга сафари давомида мазкур мамлакатдаги “EGI Resources” компанияси билан туризм соҳасида ҳамкорлик қилиш бўйича меморандум имзоланган эди. Ана шу келишув асосида ташкил этилган туристик объектда Индонезиядан келадиган сайёҳларга миллий анъаналарга мос хизмат кўрсатилади.
Индонезия руҳи тўла акс этган мазкур масканда замонавий ва қулай меҳмонхона, шунингдек, ушбу давлат миллий таомларини таклиф этувчи ресторан фаолият юритади. Бу эса меҳмонларга ўз юртидаги муҳитни ҳис этган ҳолда Самарқанд зиёратини амалга ошириш имконини беради.

– “Kampung Indonesia” концепцияси доирасида нафақат яшаш ва овқатланиш, балки маданий муҳитни яратиш ҳам устувор вазифа этиб белгиланган, – дейди Самарқанд вилояти ҳокими ўринбосари Рустам Қобилов. – Интерьер ва сервисда Индонезия миллий услуби акс эттирилган бўлиб, бу меҳмонларда ўзига хос илиқлик ва яқинлик ҳиссини уйғотади.

Мазкур лойиҳа Ўзбекистон ва Индонезия ўртасидаги туризм алоқаларини мустаҳкамлаш, айниқса, зиёрат туризми йўналишида ҳамкорликни кенгайтиришга хизмат қилади. Шунингдек, бу каби ташаббуслар Самарқандни мусулмонлар учун янада жозибадор маскан сифатида ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Индонезияга сафар давомида Самарқанд вилояти ҳокими А.Бобоев ушбу давлат ҳаж ва умра ишлари вазири билан учрашиб, индонезиялик зиёратчиларни “Умра+” дастури асосида Самарқандга саёҳатини ташкил этиш таклифини билдирган ва бу таклиф вазир томонидан қўллаб-қувватланган эди.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА мухбири