Махсус техникаларнинг тактик имкониятлари синовдан ўтказилди
Фавқулодда вазиятларда ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг жанговар шайлигини ошириш, махсус техникалардан самарали фойдаланиш ҳамда шахсий таркибнинг тезкор ҳаракатланиш кўникмаларини мустаҳкамлаш мақсадида Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шерали Эрназаров раҳбарлигида Гулистон шаҳар фавқулодда вазиятлар бўлимида махсус-тактик ўқув машқи ташкил этилди.
Ўқув машқининг асосий вазифаси — фавқулодда вазиятларга тезкор жавоб бериш тизимини такомиллаштириш, мавжуд куч ва воситалардан оқилона фойдаланиш ҳамда бўлинмаларнинг уйғун ҳаракатини таъминлашдан иборат бўлди.

Машғулот давомида шартли чақирув асосида ёнғин-қутқарув бўлинмаларининг тезкор чиқиши, воқеа жойига қисқа вақт ичида етиб бориши ва вазиятни бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар ишлаб чиқилди. Шунингдек, ёнғин-қутқарув техникаларининг ёйилган ҳолатда қўлланилиши, уларнинг тактик ва техник имкониятлари амалда синовдан ўтказилиб, шахсий таркибнинг жанговар шайлик даражаси баҳоланди.

Бошқарма захирасидаги мавжуд махсус техникалар ва асбоб-ускуналар тўлиқ кўрикдан ўтказилиб, уларнинг ишга тайёрлик ҳолати амалда текширилди. Жараёнда ҳар бир техника бирлиги бўйича тезкорлик, манёвр имкониятлари, иш унумдорлиги ва техник ҳолати алоҳида таҳлил қилинди.

Ўқув машқи давомида шахсий таркибнинг фавқулодда вазиятларда тезкор қарор қабул қилиш, ўзаро мувофиқлашган ҳолда ҳаракатланиш, қутқарув ишларини ташкил этиш ва мураккаб шароитларда тўғри йўл тутиш бўйича амалий кўникмалари янада мустаҳкамланди.


– Бундай тактик ўқув машқлари фавқулодда вазиятларга тайёргарлик даражасини ошириш, мавжуд куч ва воситалардан самарали фойдаланиш ҳамда аҳоли хавфсизлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади. Энг муҳими, техникаларнинг соз ҳолда бўлиши ва шахсий таркибнинг тезкор ҳаракати ҳар қандай вазиятда ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Фавқулодда ҳолатлар кутилмаганда содир бўлади, шу боис ҳар бир дақиқа ғанимат. Кичик эътиборсизлик ҳам оғир оқибатларга олиб келиши мумкин, – дейди Сирдарё вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари, полковник Шерали Эрназаров.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири