Истанбул–Тошкент йўналишида хавфли сумка ушланди
«Тошкент-Аэро» ИБК тезкор тузилмалари ҳамда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари билан ҳамкорликда ўтказилган навбатдаги тезкор тадбир давомида ноодатий ҳолат фош этилди.
Истанбул–Тошкент йўналиши бўйича парвозни якунлаб, божхона назоратидан «яшил йўлак» орқали ҳаракатланган йўловчи ўзини билмаган ҳолда гиёҳвандлик воситасини олиб ўтишга уриниб, аниқланди.
Маълум бўлишича, парвоздан олдин Туркияда нотаниш шахснинг илтимосига кўра, 35 АҚШ доллари эвазига бир сумкани Тошкентга етказиб беришга рози бўлган йўловчи унинг ичида нималар борлиги билан қизиқмаган.
Бироқ божхона кўриги жараёнида юклар орасидаги ёнғоқ қадоқланган пакет ичида ёнғоқ доналарига ўхшаш ҳолатда яшил-қизғиш рангли таблеткалар яширилгани аниқланди.
Ҳар бирига «Marvel» ёзуви туширилган мазкур таблеткалар сони 598 донани ташкил этиб, дастлабки маълумотларга кўра, улар MDMA туридаги синтетик гиёҳванд модда ҳисобланади.
Ушбу турдаги синтетик наркотикларнинг қора бозордаги чакана қиймати 15–20 минг АҚШ долларигача етиши мумкинлиги қайд этилмоқда.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари давом эттирилмоқда.
Ш.Маматуропова, ЎзА