Самарқанд декларацияси – глобал наркотаҳдидга қарши курашда янги босқич
Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форум халқаро ҳамкорлик тарихида яна бир муҳим саҳифа очди. Мазкур нуфузли анжуман муаммолар муҳокамаси билан чекланиб қолмай, аниқ қарорлар қабул қилингани, амалий келишувларга эришилгани билан ҳам аҳамиятли.
БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган форумда турли давлатлардан келган нуфузли расмийлар, экспертлар ҳамда халқаро ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Муҳокама марказидаги асосий масала трансмиллий тус олаётган наркотаҳдидга қарши самарали ва уйғун кураш механизмини ишлаб чиқиш эди.
Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш (CICA) вакили Фарид Дамирли мавзуни қисқача шундай изоҳлади:
– Самарқанд мулоқоти шунчаки муҳокама эмас, балки амалий натижага йўналтирилган учрашувдир. Гиёҳвандлик билан боғлиқ жиноятлар давлатлар учун алоҳида эмас, балки бутун дунё миқёсидаги умумий хатарлигини яна бир бор англадик. Демак, бугунги куннинг асосий талаби – биргаликда ҳаракатланиш.
Хорижлик мутахассислар томонидан Ўзбекистоннинг айни йўналишдаги фаоллиги, ташаббускорлиги алоҳида эътироф этилди. Тадбир юқори савияда ташкил этилгани, масалага давлат даражасидаги эътибор мамлакатда мазкур муаммога ёндашув ўта жиддийлигини кўрсатди.
БМТнинг Ўзбекистондаги доимий координатори Сабине Маҳл эса замонавий наркотаҳдиднинг ўсиш даражаси хусусида фикр билдирди:
– Муҳим бир тенденцияни назардан четда қолдирмаслик керак: анъанавий гиёҳванд моддалардан сунъий воситаларга ўтиш жараёни жуда тез кечмоқда. Бу вазиятни янада мураккаблаштиряпти. Айниқса, интернет ва “darknet” орқали тарқалиш янги чақириқ сифатида намоён бўлмоқда.
Унинг фикрича, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар жиноятчидан ортда қолмаслиги, аксинча бир қадам олдинда юриши зарур. Бошқача айтганда технология, билим ва халқаро ҳамкорлик ҳал қилувчи омилга айланмоқда.
БМТ Гиёҳвандлик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси вакили, тадқиқ ва мониторинг маркази раҳбари Саломе Флорес ҳам фикрини билдирди:

– Турли мамлакатлардан келган экспертлар Самарқандда жамланиб, долзарб мавзуларни муҳокама қилиш баробарида муаммоларга биргаликда ечим изладилар. Зеро, наркотаҳдид чегара билмайди ва бу офатга қарши жавоб ҳам умумий бўлиши лозим.
Форум давомида ташаббусларнинг амалий жиҳатига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, гиёҳванд моддани топувчи хизмат итлари иштирокидаги намойиш, замонавий техника воситалари кўргазмаси, лаборатория ускуналари ва рақамли кузатув тизими кўпчиликда қизиқиш уйғотди. Бу ҳақда Сабине Маҳл шундай деди:
– Бугун биз амалий ишларни ўз кўзимиз билан кўряпмиз. Яъни, саъй-ҳаракат назария ва аниқ, самарадор амалиёт уйғунлигида намоён.
Тажрибали мутахассислар мавжуд таҳдидга нисбатан тизимли ёндашув зарурлигини таъкидладилар: бу жараён фақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш эмас, балки жамоат саломатлиги, таълим, профилактика ва ижтимоий қўллаб-қувватлаш масалаларини ҳам ўз ичига олади.
Экспертлар фикрича, аҳолининг салмоқли қисмини ташкил этувчи ёшлар гиёҳвандликдан энг ҳимоясиз қатлам ҳисобланади. Шу боис ёшларнинг хавфдан хабардорлигини ошириш, соғлом турмуш тарзини шакллантириш ва эҳтиёт чораларини кучайтириш муҳим вазифалар сифатида белгиланди.
Форумнинг энг муҳим натижаси – иштирокчилар бир овоздан қабул қилган Самарқанд декларацияси айни йўналишдаги халқаро ҳамкорликнинг устувор йўналишлари кўрсатиб берилган стратегик ҳужжатдир. Табиийки, анжуман доирасида ўтказилган икки ва кўп томонлама учрашувлар ҳам ўзига хос амалий аҳамият касб этди. Ўзбекистон ва Афғонистон вакиллари ўртасидаги мулоқотда ахборот алмашинувини кучайтириш, минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари муҳокама қилинди. Республикамиз вакилларининг АҚШдан келган ҳамкасблари билан учрашувда эса халқаро шерикликни чуқурлаштириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар учун замонавий ўқув дастурлари ишлаб чиқиш ва техник имкониятни кенгайтириш бўйича келишувга эришилди.

Хуллас, бир ҳақиқат такрор намоён бўлди: бугунги дунёда хавфсизлик – умумий масъулият. Гиёҳвандликка қарши кураш ҳам барча давлатлар ҳамжиҳатлигини тақозо этади.
Самарқанд декларациясидан амалий ҳаракатга: хавфсизлик, ҳамкорлик
ва ёшлар келажаги
Тадбир якунланган бўлса-да, Самарқандда илгари сурилган ғоя ва келишувлар ҳозирданоқ амалий босқичга ўтаётгани билан аҳамиятли. Анжуман доирасида қабул қилинган декларация шунчаки сиёсий баёнот эмас, балки трансмиллий таҳдидга қарши курашиш учун аниқ йўналиш, устувор вазифалар белгилаб берилган муҳим ҳужжат сифатида баҳоланмоқда.
Экспертлар мутлақ янги босқичга чиққан гиёҳванд моддалар савдоси ва тарқатилиши нафақат ҳудудий жиҳатдан, балки технология нуқтаи назаридан ҳам чегара билмас даражага кўтарилгани ҳақида бонг урмоқда. Шу боис, анъанавий кураш усуллари энди етарли эмаслиги, ушбу жараённи замонавий ёндашув билан бойитиш зарурлиги таъкидланмоқда.
– Таҳдид хусусияти нақадар жадал ўзгараётганини кўряпмиз, – дейди Саломе Флорес. – Хавф-хатар тезкор, мослашувчан ва кўп ҳолларда кўринмас шаклда намоён бўлмоқда. Шунинг учун ҳам ҳозир давлатлар ўртасида ахборот алмашинуви ва биргаликдаги таҳлил механизми ҳар қачонгидан муҳим.
Айнан шу нуқтаи назардан тадбир доирасида ахборот алмашишни янги босқичга олиб чиқиш масаласи ҳам диққат марказида бўлди. Хусусан, чегарадош давлатлар ўртасида тезкор маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, қўшма амалиётлар ўтказиш ва ягона таҳлил манбасини шакллантиришга келишиб олинди.
Наркотаҳдидга қарши туришда фақат жазо чоралари билан чекланиб қолмаслик зарурлиги ҳам иштирокчилар томонидан якдил маъқулланди.

– Агар фақат жазо қўллаш усулига таянадиган бўлсак, муаммонинг илдизига ета олмаймиз, – дейди Сабине Маҳл. – Профилактика, таълим ва тиббий ёрдам каби муҳим йўналишлар ҳам ёддан кўтарилмаслиги керак.
Айнан шундай ёндашув форумнинг умумий руҳини белгилаб берди. Масалан, ёш авлодни гиёҳвандлик хавфидан ҳимоя қилиш учун нафақат тарғибот тизими, балки аниқ дастурлар ҳам ишлаши, таълим лойиҳалари, ижтимоий ташаббуслар илгари сурилиши лозим.

– Агар келажак хавфсиз бўлишини истасак, бугун ёшларга эътибор қаратишимиз шарт, – дейди Фарид Дамирли. – Улар нафақат ҳимоя қилиниши, балки тўғри йўналтирилиши ҳам муҳим.
Форум доирасида тақдим этилган амалий тажриба намуналари соҳага инновацион ёндашув тобора муҳим аҳамият касб этаётганини кўрсатади. Шунингдек, анжуман доирасида махсус ташкил қилинган кўргазмада “darknet” орқали амалга оширилаётган ноқонуний фаолиятга қарши кураш усуллари, замонавий технология ва таҳлил воситалари намойишга қўйилди.
Умуман, мазкур тадбир бир муҳим хулосани берди: глобал таҳдидга қарши мустақил ҳаракат самара бермайди, фақат ишонч, ҳамкорлик ва умумий мақсад асосида бирлашиш орқалигина барқарор натижага эришиш мумкин. Самарқанд декларацияси эса айнан жипслашув рамзи сифатида тарихга кирди. Энди келишувларни ижро, амалий қадам босқичига кўчириш, аниқ самара билан мустаҳкамлаш асосий вазифага айланади.
Бугун Самарқандда бошланган мулоқот – эртанги хавфсиз дунё сари ташланган қадам.
Мусулмон Зиё, ЎзА