ЖБ Марказий Осиёдаги лойиҳаларга 1 миллиард доллар сармоя киритади
Марказий Осиё иқлим бўйича мажбуриятини бажаришда дунёга ўрнак бўлмоқда. Минтақамиздаги лойиҳаларга 1 миллиард доллар ажратган Жаҳон банки ҳудудга яна 300 миллион доллар сармоя киритишга тайёр.
Бу ҳақда Остонадаги экологик саммитда сўзга чиққан ЖБ гуруҳи атроф-муҳит бўйича директори Валери Хики маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё иқлим бўйича ўз зиммасига олган мажбурияти юзасидан амалий ишларни бажаришда жуда фаол.
– Марказий Осиё энергия, сув ва табиатга сармоя йўналтириш кун тартибидаги муҳим вазифа эканини англаб етган, – деди мулозим. – Минтақа давлатлари масалаларни шунчаки муҳокама қилмасдан, муаммоларни ҳал этаётгани, бу йўлда аниқ чора-тадбирлар кўрилаётгани аён. Яъни, Марказий Осиё барқарор сайёра барпо этиш имкониятидан унумли фойдаланаётган давлатлар жамоасига айланди.
Хики таъкидлашича, минтақа бугунги кунда амалга ошираётган саъй-ҳаракатлар инфратузилмани ривожлантириш, жумладан энергия ва сув таъминотида давлат бюджети юкини камайтиришга кўмаклашади.
Г.Сатторова, ЎзА