Жанубий Корея уруш даврига қайтадими?
Жанубий Корея ва АҚШ уруш вақти қўлланган тезкор назорат тизими(OPCON)ни Сеулда жорий этиш учун зарур шартларни 2029 йил биринчи чорагигача бажаришни мақсад қилган. Бу ҳақда Қўшма Штатларнинг Кореядаги қўшини қўмондони генерал Ксавьер Брансон маълум қилди. Унинг таъкидлашича, жараён “муайян шартларга асосланган ёндашув” асосида босқичма-босқич амалга оширилмоқда.
Мазкур ташаббус йўлга қўйилиши учун Корея Республикаси қўшинни мустақил бошқариш қобилияти, ҳаво мудофааси ва зарба имконияти каби муҳим ҳарбий кўрсаткичларга эришиши лозим. Шу билан бирга минтақадаги хавфсизлик муҳити ҳам ушбу қарорга мос келиши керак. Брансон сиёсий шошқалоқлик ҳарбий талабдан устун эмаслигини таъкидлаган. Бу ҳақда “Yonhap” ахборот агентлиги хабар қилган.
Агар жараён муваффақиятли якунланса, уруш шароитида бирлашган кучларга Жанубий Корея генерали раҳбарлик қилади, АҚШ генерали эса ёрдамчи вазифасини бажаради. Бундай ўзгариш Сеулнинг мудофаа соҳасидаги мустақиллигини оширишга қаратилган муҳим қадам сифатида баҳоланмоқда.
Маълумки, уруш даври назорати 1950 йил Корея уруши бошланган пайт АҚШга топширилган. 1994 йил тинчлик даври назоратига қайтилган бўлса-да, жанговар ҳолатдаги бошқарув ҳануз Вашингтон қўлида. Ҳозирги режа ушбу икки давлат ҳарбий ҳамкорлигини янги босқичга олиб чиқиши кутиляпти.
Мусулмон Зиё, ЎзА