Қуёш гули – момақаймоқ
Эрта баҳорнинг қуёши ва қийғос очилган гуллари ўзгача. Қуёш теварак – атроф, бутун борлиққа беминат нурларини сочаверади. Қора булутлар мовий осмон юзини эгаллаб, момақалдироқлар гумбирлаб, чақмоқлар чақиши ва кутилмаганда ёмғир бошлаб қолиши, ҳамма-ҳаммаси – баҳорий гўзаллик манзаралари. Момо қуёш оламга бор меҳри, иллиқ нурларини сочаверади, фасллар алмашаверади.
Мана бир пастда биз соғиниб кутган кўкламнинг бир ойи ҳам ўтиб кетди. Аслида баҳор – гуллар ойи ҳисобланади. Ўсимликлар, бута ва дарахтлар бор-ки, гуллайверади.
Дўрмон йўли кўчасидан қадрдон ишхонамга келар эканман, кўчаларимизга, йўл ёқаларига экилган лолалар турфа рангда – қизил, алвон, сариқ, оқ, бинафша рангларда очилиб ётганини кўриб, улар ёнидан бефарқ ўтиб кета олмадим. Нафис гўзалликни қўл телефоним камерасига “жойладим”.
Лолалар ер безаги, баҳорнинг кўркам гулларидир. Юксак тоғларимиз, адирларимизда табиий ҳолда очилиб турган турфа ранг, бўйли гуллар, лолаларни кўрсангиз, табиатнинг нақадар буюк яратгувчи мусаввир эканига тан берасиз. Кўчаларимизни гўзал, гул-лолалар экиб, парвариш қилаётган инсонларга раҳматлар айтасиз.
Кенг йўлак бўйлаб кетиб борарканман, қандайдир “овоз”лар қулоғимга чалингандай бўлди. Ён-атрофга қарайман, эвоҳ, мамоқаймоқлар! Қувониб кетдим. Сариқ гули – саватчаларини қуёшга қаратиб, биз ҳам сенга ўхшаймиз, ҳа, қуёш гулларимиз, қуёшдан нусха олганмиз, рангимиз сариқ, шаклимиз думалоқ, деяётгандек момақаймоқлар.
Улар борлиқнинг эгасидек оламга нур таратаётган қуёш ила тиллашаётгандек эди назаримда. Баргларини айтмайсизми, улар ҳам тилга кириб: “Бизлар турли касалликларга давомиз, танамиздан сув эмас, оппоқ сут оқади, улар кони фойда, илдизимиз – қувватимиз” дея шивирлаётгандек.
Лолалар. Дўрмон кўчаси
Шу пайт негадир, буюк бобокалонимиз, тиб илмининг султони Абу Али ибн Сино ҳақидаги китобларда ўқиган сатрларим ёдимга тушди. Эмишки, Ибн Сино гиёҳлар қошидан ўтиб қолса, гиёҳлар тилга кириб, мен фалон касалликка даво бўламан”, деб айтар экан. Ҳақиқатдан ҳам буюк бобокалонимиз турли хил хасталикларни табиат инъом этган шифобахш гиёҳлар билан даволаган. Абу Али ибн Сино ўзининг машҳур “Тиб қонунлари” асарида мамоқаймоқни (ўша даврда “Тарахшақум” деб аташган) шифобахш хусусиятларини батафсил баён қилган. Мамоқаймоқ жигар ва ўт пуфаги хасталикларида, жигардаги тиқилмаларни очиш ва сафро ҳайдаш учун энг яхши воситалардан бири деб ҳисоблаган. Жигар шишларини даволашда унинг сутини тавсия қилган. Кўз касаликларида мамоқаймоқнинг янги узилган поясидан чиқадиган оқ сутини (ширасини) кўзга тушган оқни (катарактани) даволаш ва кўриш қобилиятини яхшилаш учун ишлатган.
Шунингдек теридаги тошмалар, экзема ва бошқа яраларни даволашда ўсимликнинг янги шарбатини ташқи томондан суртишни буюрган. Олимларнинг аниқлашича мамоқаймоқ илдизи 48 соат ичида саратон ҳужайраларининг 98 фоизини ўлдириши мумкин экан. Буни тайёрлаш учун бир чой қошиқ майдаланган илдизи қайноқ сувга солинади, тахминан 20-30 дақиқа давомида тиндирилади. Ана шунда чой илдиздан барча фойдали хусусиятларини ўзига олар экан. Албатта, бу каби дамламаларни шифокор маслаҳати ила ичиш мақсадга мувофиқдир.
Гуллар олами ана шундай сирли ҳилқатдир. Улар шоирлар ва қалам аҳлига илҳом бахш этади. Шу ўринда Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг “Бинафша” шеъридан мисол келтиришни лозим топдим:
Баҳор келса боғларда,
Турфа гуллар тўлади.
Ҳали бири очилмай,
Бири қуриб сўлади.
Асил гулнинг ҳамиша
Умри қисқа бўлади.
Бинафшажон, бинафша
Юраги қон бинафша.
Ерга боқмай ёнинга,
Кимлар келиб кетади.
Кўриб қолса гулфируш,
Сени бозор элтади.
Мен бўйинга термилиб
Ўтирсам –шу етади.
Бинафшажон, бинафша...
Дарҳақиқат, кўклам – гўзаллик фасли. Бу гўзалликдан баҳраманд бўлиш учун ўзимиз яшаётган оламни севишимиз, уни қадрига етишимиз, асраб-авайламоғимиз лозим.
Марҳамат Матвафоева,
биология фанлари номзоди.
ЎзА