Қўқон Ўрдасида либослар кўргазмаси
Қўқон нафақат тарихий обидалар шаҳри, балки ҳунармандчилик борасида донг таратган йирик марказдир. Ўтган йили бўлиб ўтган халқаро ҳунармандлар фестивалида 70 дан зиёд мамлакатларнинг ҳунармандлари Қўқонда йиғилдилар.
Улар орасида дунёнинг машхур дизайнерлари ҳам бор эди. Ўшанда либос усталари ўзбекона миллий кийимларга маҳлиё бўлиб қолдилар. Табиий ип ва ипакдан тўқилган, камалакранг жилолар туширилган матолардан тикилган либослар дунё музей ва кўргазмаларига айнан шу ердан йўл олганди.

Анъана давом этмоқда. Оқшом Ўрда майдони саҳнасида яна янги дизайндаги миллий либослар намойиш этилди.
Тантанали тадбирда мамлакат раҳбарининг ташаббуси асосида аёл-қизларнинг тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ўзбекона матолардан тўқилган миллий либосларни кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар эътироф этилди.

Тарихий маскан – Халқаро ҳунармандлар фестивали тадбирлари ўтказиладиган Ўрда майдонида бўлиб ўтган томошада Қўқон мода маркази асосчиси Мадинахон Турсунхўжаева ва ушбу марказда таҳсил олиб, айни пайтда мустақил фаолият олиб бораётган иқтидорли дизайнерларнинг тўпламлари томошабинлар эътиборига ҳавола этилди.

Кўргазмада "Қўқон гуллари" бренди томонидан миллий услубда гуллар билан соч турмаклаш услуби намойиш этилиб, томошабинлар эътирофига сазовор бўлди.

Тадбир сўнггида Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти проректори, “Oсиё рамзи” Ўзбекистон дизайнерлар уюшмаси раиси Холида Комилова ва Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов соҳада юксак натижаларга эришаётган дизайнерлар ва тадбирни юксак савияда ўтказишга катта ҳисса қўшган мутахассисларни тақдирладилар.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА