Қашқадарёда “Медиа ҳафталик” тадбирларига старт берилди
Қашқадарёда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ташаббуси билан Ёшлар ишлари агентлиги ва Қашқадарё вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида “Медиа ҳафталик” тадбирларига старт берилди.
Ҳафталик доирасида малакали экспертлар томонидан замонавий медиа оламининг долзарб йўналишлари, амалий билимлар ва тажриба алмашувига бой машғулотлар ўтказилмоқда.
Ҳафталикнинг биринчи кунида гуруҳларга бўлинган ҳолда тренинг машғулотлари бўлиб ўтмоқда.
Масалан, Эксперт Элдар Асанов томонидан ташкил этилган “Ўзбекистон босма медиадаги контент: амалиёт, муаммо ва ечим” мавзусидаги тренинг қизғин муҳокама ва баҳсларга бой бўлди.
Унда босма ва интернет журналистикасининг афзаллик томонлари, камчиликлари, мавзу ва жанрлар хилма-хиллиги, медиа бозорида тутган ўрни ва ҳоказолар ҳақида фикрлашилди.
[gallery-28867]
– Медиа ҳафталикнинг биринчи куни мен учун таассуротларга бой ўтди, – дейди “Ishonch” газетасининг Қашқадарё вилояти бўйича мухбири Баҳодир Ҳалимов. – Эксперт Элдар Асанов босма ва онлайн оммавий ахборот воситаларининг фарқи, уларнинг бир-биридан ўрганиши керак бўлган жиҳатлари ҳақида тўхталди. Фикр-мулоҳазаларда кимдир онлайн журналистикани устувор деб билса, бошқа ҳамкасбларимиз орасида босма ОАВнинг афзал жиҳатлари кўплигини айтганлар ҳам бўлди. Хулоса қилиб айтганда, ОАВ замонга мослашиши, трансформация жараёнларига ўтиши, Конвергенциялашиши лозимлигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда. Бу борада бизнинг таҳририятда аллақачон ишлар бошлаб юборилган ва онлайн ОАВ билан босма нашр ўзаро уйғун тарзда фаолият олиб боряпти. Бундан кўринадики, нашрларни босма ёки онлайнга ажратишнинг ўзи хатодир.
Иккинчи гуруҳда эксперт Умида Олимова томонидан “Президент фаолиятини оммавий ахборот воситаларида ёритишнинг асосий йўналишлари. Таҳлилий репортаж тайёрлаш кўникмалари” мавзусида ташкил этилган тренинг машғулотлари атрофида ҳудудий телеканалларнинг янгиликлар тайёрловчи мухбирлари жам бўлди.
– Ахборот майдонидаги тезкорлик, ижтимоий тармоқлар таъсирининг ортиши ҳамда сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши бугунги медиа соҳаси вакилларидан мутлақо янгича фикрлаш ва ишлаш услубини талаб этаётгани ҳар лаҳзада кўзга ташланмоқда, – дейди “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастури мухбири Шавкат Аминов. – Айниқса, тасдиқланмаган хабарлар оқимининг кучайиши, таҳлилий манбаларнинг салмоғи пасайиб бораётгани соҳа вакиллари зиммасига каттагина масъулият юклаётгани ҳам бор гап. Айни пайтда бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган медиа ҳафталиклар ушбу жараёнда йирик таълимий ва амалий қадамлардан бирига айланмоқда, десак янглишмаган бўламиз. Бугун старт олган ҳафталикнинг вилоятдаги илк куни ҳам медиа фикрлашни қайта шакллантирувчи, касбий дунёқарашни кенгайтирувчи ҳақиқий тажриба мактабига айланди.
Маълумот ўрнида, “Медиа ҳафталик” 24 апрелга қадар давом этади.
Ўлмас Баротов, Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА мухбирлари