“Имом ота” зиёратгоҳида пресс-тур ташкил этилди
Хўжаобод тумани ҳокимлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси Андижон вилояти бўлими ҳамкорлигида Хўжаобод туманига пресс-тур ташкил этилди.
Оммавий ахборот воситалари вакиллари, давлат, нодавлат ташкилотлари ахборот хизматлари раҳбарлари, блогерлар қатнашган пресс-турда Андижон вилояти, хусусан, Хўжаобод туманида туризмни ривожлантириш, туристик объектларда сайёҳлар учун зарур шарт-шароитлар яратиш, кўрсатилаётган хизматлар сифатини янада юқори поғонага кўтариш борасида кенг кўламли ишлар олиб борилаётганлиги таъкидланди.
Пресс-тур қатнашчилари дастлаб, “Имом ота” зиёратгоҳида бўлиб, туризмни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, сайёҳ ва зиёратчиларга яратилган шарт-шароитлар билан яқиндан танишди.
– Хўжаобод туманида жами 21 та моддий ва маданий мерос объектлари мавжуд. Шундан 10 таси археология, 3 таси архитектура, 4 таси монументал санъат ёдгорликлари, 4 таси эса диққатга сазовор жойлар ҳисобланади. Ана шу объектларни ободонлаштириш, уларнинг негизида туризмни ривожлантиришга қаратилган тизимли ишлар олиб борилмоқда. Туристик объектлар орасида “Имом ота” зиёратгоҳи алоҳида аҳамият касб этади. Тошота маҳалласида жойлашган “Имом ота” зиёратгоҳи вилоятдаги сайёҳ ва зиёратчилар энг кўп ташриф буюрадиган масканлардан бири ҳисобланади. Шу боис ҳам 2024 йилда “Имом ота”га туризм қишлоғи мақоми берилган, – дейди Хўжаобод туман ҳокими ўринбосари Анваржон Ҳошимов.
[gallery-28870]
“Имом ота” тоғ тизмалари орасида жойлашган гўзал табиатга эга дам олиш масканидир. Ушбу масканда зиёрат, тоғ туризми ривожланган. Ташриф буюрувчилар гўзал табиат қўйнида ўзига хос зиёратгоҳ, зилол булоқ ҳамда тоғ ғорларини кўриб, баҳраманд бўлади.
“Имом ота” зиёратгоҳига сайёҳлар асосан, март-октябрь ойларида ташриф буюради. Бир кунлик оқим ўртача 2 – 4 минг нафар кишини, мавсум давомида 450 минг нафарга яқин кишини ташкил этади.
Сайёҳ ва зиёратчиларга қулайлик яратиш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш мақсадида ушбу масканда сайёҳлар учун 85 та оилавий меҳмон уйи, 1 та хостел, 35 та дам олиш маскани, кўнгилочар масканлар, 2 та стадион ва 50 дан ортиқ савдо ва хизмат кўрсатиш шохобчалари, осма кўприк, турли аттракционлар фаолият кўрсатади.
2026 йилда “Имом ота” туризм қишлоғида туризмни ривожлантириш мақсадида 51 та янги лойиҳа амалга оширилиб, 36,5 миллиард сўм
инвестициялар ўзлаштирилиши ҳисобига 100 дан зиёд хостел, меҳмон уйлари, шале ва капсулали уйлар қурилиши белгиланган. Ана шу ишлар натижасида йилига яна 55-60 минг нафар сайёҳни жалб этиш, шу билан бирга 120 дан зиёд янги иш ўрни яратилиши режа қилинган.
Жумладан, бугунги кунда ушбу масканда экстремал спорт ўйинлари, кўнгилочар мажмуа барпо этилмоқда. Сунъий кўл, миллий ўйинларга мўлжалланган жойлар, умуман, 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган аҳолининг кўнгилли дам олиши, ҳордиқ чиқариши учун зарур ишлар олиб борилмоқда. Шу билан бирга 20 та янги оилавий меҳмон уй қурилиши режалаштирилган.
Шунингдек, пресс-тур иштирокчилари Хўжаобод туманидаги “FAZO GROUP” масъулияти чекланган жамият – трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона фаолияти билан ҳам яқиндан танишди.
2006 йилда ташкил этилган мазкур корхонада айни кунда 200 дан ортиқ турдаги трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Корхонада бир минг 500 нафардан зиёд ишчи-ходим меҳнат қилади ва тайёр маҳсулотлари Россия, Беларусь, Украина, Қозоғистон, Қирғиз Республикаси ва бошқа давлатларга экспорт қилинади.
Пресс-тур давомида оммавий ахборот воситалар вакиллари мавзу доирасида ўзларини қизиқтирган барча саволларга мутасадди ва мутахассислардан батафсил жавоблар олди.
Ф. Убайдуллаев, З. Умрзоқов (сурат), ЎзА мухбирлари.