Трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашишда ҳамкорлик
Самарқандда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги ва Бирлашган миллатлар ташкилотининг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамкорлигида “Жамоат саломатлиги ва хавфсизлигини таъминлаш мақсадида трансмиллий наркотаҳдидларга қарши курашиш” мавзусидаги глобал форум ташкил этилди.
Нуфузли анжуман аввалида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг форум қатнашчиларига мурожаатини Президент Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева ўқиб эшиттирди.
Мурожаатда наркотиклар савдоси трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бораётган бир пайтда мамлакатимизда гиёҳвандлик ва наркожиноятларга қарши курашиш масаласи умуммиллий ҳаракатга айлангани, сўнгги йилларда соҳада идоралараро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, профилактика механизмларини ривожлантиришга қаратилган 20 дан ортиқ қонун ҳужжатлари қабул қилингани алоҳида қайд этилган. 2024 йилда наркотикларга қарши курашиш бўйича миллий стратегия қабул қилингани, бу борадаги энг катта қадам бўлди. Ана шу саъй-ҳаракатлар туфайли кейинги йилларда наркотикларнинг ноқонуний айланмаси билан боғлиқ жиноятларни аниқлаш кўрсаткичи 2,5 баробарга ошди, мусодара қилинган гиёҳвандлик воситалари 2 баробарга, йўқ қилинган синтетик наркотиклар 7 баробарга кўпайди.
Биргина ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан 15 мингдан зиёд наркожиноят фош этилди, қарийб 3,5 тонна гиёҳвандлик воситалари, жумладан, 120 килограмм синтетик наркотиклар йўқ қилинди, 14 та яширин нарко-лаборатория ва 72 та йирик интернет-дўкони фаолиятига чек қўйилди. Жорий йилнинг биринчи чорагида эса бу кўрсаткич 10 тани ташкил этди, 35 та уюшган наркожиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйилиб, уларнинг 8 нафар лидерлари ва 130 нафар аъзолари қўлга олинди.
[gallery-28869]
Мурожаатда бугунги кунда нарко-жиноятларнинг учдан бир қисми ёшлар томонидан содир этилаётгани, асосий хавф гуруҳини 15 ёшдан 30 ёшгача бўлганлар ташкил қилаётгани, бу иллатнинг аҳоли генофондига жуда катта таҳдид эканлиги таъкидланди.
Давлатимиз раҳбари ўз мурожаатида гиёҳвандликка қарши курашиш бутун инсониятнинг умумий масъулияти ва мажбурияти эканлигини қайд этиб, наркожиноятларнинг олдини олиш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурган.
Форум қатнашчилари Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаб, Ўзбекистонда гиёҳвандлик ва наркожиноятларнинг олдини олиш ҳамда бу иллатга қарши курашиш борасидаги ишларни эътироф этди.
Хусусан, БМТнинг наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ижрочи директори Бо Матиасен Ўзбекистонда гиёҳвандликка қарши курашиш, аҳоли, айниқса, ёшларни бу иллатдан асраш борасида давлат томонидан муҳим дастурлар амалга оширилаётганини таъкидлади.
– Бугунги кунда наркожиноятлар ва бу иллат тарғиботида ижтимоий тармоқлар, криптовалюталар ҳал қилувчи роль ўйнамоқда, – деди Бо Матиасен. – Шунинг учун Ўзбекистонда ўтган йил алоҳида сервер ташкил этилди ва ушбу турдаги жиноятларни барвақт аниқлаш, олдини олишга эришилмоқда. Ҳукуматнинг фаол иш олиб бораётгани, Марказий Осиё давлатлари билан фаол маълумот алмашилаётгани ва ўзаро ҳамкорлик натижасида гиёҳванд моддалар айланмасининг 60 фоизи чегаралардаёқ тўхтатилмоқда. Бундан ташқари, синтетик наркотиклар кўпайишининг олдини олиш, психотроп дори воситалари ноқонуний муомаласини чеклаш борасидаги ишлар ҳам диққатга сазовор ва ушбу йўналишдаги ишларни янада такомиллаштириш лозим.
Форум очилишида сўзга чиққан Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бош директори Тедрос Гебрейесус гиёҳвандлик ва наркотаҳдидлар соғлиқни сақлаш учун жуда катта хавф эканлигини таъкидлади.
[20.04.2026 18:21] Shavkat aka UzA: – Бугунги кунда дунё бўйича тахминан 300 миллион киши гиёҳванд моддаларни истеъмол қилади, улар сафига ҳар йили 600 минг киши қўшилмоқда, бу иллатдан қурбон бўлаётганлар сони эса йилдан-йилга ошиб бормоқда, – деди Тедрос Гебрейесус. – Анъанавий гиёҳвандлик билан бирга синтетик наркотик улуши кўпаймоқда. Бу факт ва рақамлар масаланинг қанчалик кенг қамровли эканини кўрсатади. Энг ёмони, бу иллат дунё халқлари генофондига салбий таъсир кўрсатмоқда. Шу сабабли бугун наркотаҳдидларга қарши биргаликда курашиш, куч ва воситаларини сафарбар этиш лозим. Ушбу йўналишда Ўзбекистонда олиб борилаётган ишлар диққатга сазовор албатта. Мен ушбу мамлакатга бу галги ташрифим давомида давлат раҳбари ва юқори даражадаги мулозимлар билан учрашиб, бу борада муҳим масалаларни муҳокама қилиб олишни режалаштирганман.
Форум шўъба мажлисларида гиёҳвандлик ва наркотаҳдидларга қарши курашишда таълим ва профилактика, халқаро ҳамкорлик, гиёҳвандларни даволашнинг самарали усуллари, хавфсизлик ва ҳуқуқ-тартибот органлари фаолияти, наркотиклар устидан назоратнинг илмий-инновацион ёндашувлари каби мавзулар муҳокама қилинди.
Тадбир доирасида 2003 йилдан буён Европа Иттифоқи томонидан молиялаштирилаётган Марказий Осиёда гиёҳвандликка қарши курашиш бўйича CADAP-8 (Central Asia Drug Action Programme) халқаро минтақавий дастурни имзолаш маросими ўтказилди.
Шунингдек, наркожиноий уюшган гуруҳларга қарши курашишда қўлланилаётган замонавий рақамли технологиялар, техник воситалар, маҳаллий ишлаб чиқарилган махсус жиҳозларни намойиш этиш мақсадида халқаро кўргазма ташкил этилди. Кўргазма форум иштирокчилари, хусусан хорижий соҳа мутахассисларида катта қизиқиш уйғотди.
Нуфузли анжуманда гиёҳвандликка қарши курашиш, аҳолини ушбу иллатдан асраш борасида амалга оширилган ишларга қўшган салмоқли ҳиссаси, шунингдек, мамлакатимиз билан мазкур йўналишдаги фаол ҳамкорлиги учун қатор халқаро ташкилотлар раҳбарлари махсус таъсис этилган “Наркотикларга қарши курашиш фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланди.
Форум доирасида 21 апрель куни Самарқандда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг ёшлар тармоғи вакиллари иштирокида илк бор наркотаҳдидларга қарши курашиш бўйича халқаро ёшлар саммити ўтказилади.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари