Прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсат юритиш Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланди
Дунёдаги оғир вазиятга қарамасдан Президентимизнинг қатъий сиёсий ирода билан очиқ, прагматик ва ташаббускор ташқи сиёсат юритиши Ўзбекистоннинг “ташриф қоғози”га айланди.
Бу Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм масалалари қўмитаси мажлисида айтиб ўтилди.
Сенаторлар, маҳаллий кенгашларнинг доимий комиссиялари, соҳа мутахассислари ва экспертлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган мажлисда Ташқи ишлар вазирлигининг 2024 йилдаги фаолияти ҳақидаги ҳисоботи дастлабки тарзда кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, 2024 йилда вазирлик эски қолиплардан воз кечиб, замон талабига ва Янги Ўзбекистон ғоясига мос равишда иш олиб боришга катта эътибор қаратди.

Концептуал жиҳатдан тизимни ислоҳ қилиш учун соҳага оид қатор норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, давлатимиз раҳбари томонидан маъмурий ислоҳотлар доирасида Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятини самарали ташкил этиш чора-тадбирлари тасдиқланди.
Мамлакат ташқи сиёсатининг устувор йўналиши бўлган минтақа давлатлари билан яқин қўшничилик муносабатлари фаол давом эттирилди.
Бундан ташқари, узоқ ва яқин хориждаги давлатлар билан стратегик шериклик муносабатларининг янги кучайтирилган тизими шакллантирилиб, Озарбайжон, Қозоғистон, Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари ўрнатилди.
Шунингдек, парламент дипломатияси Ўзбекистон Республикаси халқаро муносабатларининг муҳим омили экани қайд этилди. Кейинги йилларда мамлакатимиз парламентининг халқаро алоқалари жуғрофияси сезиларли даражада кенгайгани, хорижий давлатлар парламентлари ва халқаро парламентлараро тузилмалар билан ҳамкорлиги янги босқичга кўтарилгани таъкидланди.

Мажлис давомида иштирокчилар ўзаро фаол фикр алмашди. Шу ўринда, сенаторлар ва мажлис иштирокчилари Ташқи ишлар вазирлиги фаолиятидаги айрим камчиликларга ҳам тўхталиб ўтиб, бу борада вазирлик фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсияларни билдирди.
***
Мазкур қўмитада “Ўзбекистон Республикасининг Евроосиё тараққиёт банкини таъсис этиш ҳақидаги Битимга (Остона, 2006 йил 12 январь) қўшилиши тўғрисида”ги қонун ҳам атрофлича муҳокама қилинди.
Қонун аъзо давлатларнинг иқтисодий ўсишига кўмаклашиш, уларнинг савдо-иқтисодий алоқаларини кенгайтириш ва инвестиция фаолияти орқали Евроосиё ҳудудида интеграция жараёнларини ривожлантиришга хизмат қилади.
Шунингдек, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғиз Республикаси ўртасида озодликдан маҳрум этилган шахсларни жазони ўташни давом эттириш учун топшириш тўғрисидаги Шартномани (Тошкент, 2024 йил 18 июль) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди. Унга кўра, томонлар маҳкумларни топшириш масалаларида максимал даражада ҳамкорлик қилиши белгиланган.
Мажлис якунида қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Н.Абдураимова, ЎзА