Ўзбекистон-Тожикистон: манфаатли ҳамкорлик йўлида муҳим қадам
“Ўзбекнефтгаз” АЖда Тожикистон Республикаси расмий делегацияси вакиллари билан учрашув бўлиб ўтди.
Унда икки давлат ўртасидаги иқтисодий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, саноат соҳасидаги алоқаларни кенгайтириш ҳамда нефть-газ йўналишида янги имкониятларни ишга солиш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар икки давлат раҳбарлари бошчилигида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ҳамкорлик стратегик даражага чиққанини алоҳида қайд этди. Айниқса, бунда ўзаро ишонч, яхши қўшничилик ва дўстона муносабатларга асосланган ҳамкорлик барқарор ривожланиб бормоқда.
Меҳмон томон “Ўзбекнефтгаз” АЖ тизимидаги йирик саноат корхоналарида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга қизиқиш билдирди. Улар ушбу йўналишдаги ҳамкорлик имкониятларини янада кенгайтириш юзасидан фикр алмашди. Таъкидланишича, маҳсулот етказиб бериш ва бошқа иқтисодий келишувлар тўлиқ бозор тамойиллари асосида амалга оширилади.

Учрашув якунида томонлар икки давлат манфаатларига хизмат қиладиган ҳамкорликни янада ривожлантиришга келишиб олди.
Мазкур учрашув Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида нефть-газ ва саноат соҳаларидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ўзаро ишончга асосланган муносабатларни янги босқичга олиб чиқишда муҳим қадамдир.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА