“Табиатшунос китобхон” акцияси
Сирдарё вилоятида “Китобхонлик ҳафталиги” доирасида ёшларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларда табиатга эҳтиёткор муносабатни шакллантириш ҳамда мутолаага қизиқишни оширишга қаратилган тадбир ташкил этилди.
Вилоят ахборот-кутубхона маркази ва Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ҳамкорлигида ўтказилган “Табиат қўйнида китоб мутолааси” лойиҳаси доирасидаги “Табиатшунос китобхон” акциясига турли ҳудудлардан фаол ёшлар, ўқувчилар ва кутубхона фойдаланувчилари жалб этилди.

Акция икки босқичда бўлиб ўтди. Биринчи босқичда иштирокчилар экология ва табиатшуносликка оид саволларга жавоб бериб, ўз билим даражасини намоён этдилар. Саволлар атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, биохилма-хилликни сақлаш ва табиий ресурслардан самарали фойдаланиш каби йўналишларни қамраб олди.

Иккинчи босқичда “Бир қарашда таниб ол!” интерактив ўйини ташкил этилди. Унда иштирокчиларга ўсимликлар ва табиат манзаралари тасвирлари тақдим этилиб, уларни аниқлаш, хусусиятларини белгилаш вазифаси қўйилди. Бу эса иштирокчиларнинг тезкор фикрлаши ва таҳлил қилиш кўникмаларини синовдан ўтказди.

– Акциядан кўзланган мақсад — ёшларда экологик онгни мустаҳкамлаш ва уларни табиатни асрашга ундаш. Шу билан бирга, мутолаанинг аҳамиятини кенг тарғиб қилишга эътибор қаратилди, – дейди Ўзбекистон Экологик партияси Сирдарё вилоят кенгаши ходими Наргиза Шайдуллаева.

Тадбир доирасида ўтказилган очиқ мулоқотда ҳудуддаги экологик ҳолат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ёшлар ўртасида экологик масъулиятни ошириш масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар ўз фикр ва таклифлари билан фаол қатнашдилар.
Тадбир якунида энг фаол иштирокчилар диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири