“Ибратли оила” танлови
Ширин шаҳрида оилавий қадриятларни мустаҳкамлаш, миллий анъана ва урф-одатларни кенг тарғиб этиш мақсадида ҳарбий қисм ҳарбийлари оила аъзолари ўртасида “Ибратли оила” кўрик-танлови ташкил этилди.
Тадбир Республика Маънавият ва маърифат маркази Ширин шаҳар бўлинмаси, шаҳар Оила ва хотин-қизлар бўлими ҳамда шаҳардаги ҳарбий қисм ҳамкорлигида ўтказилди. Танловда намунали оилалар иштирок этиб, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, фарзанд тарбияси ҳамда миллий қадриятларга содиқлик борасидаги ибратли тажрибаларини намоён этдилар.

Иштирокчилар турли шартлар асосида ўз билим, тажриба ва ижодий ёндашувларини тақдим этиб, оилавий маданият, маънавий баркамоллик ҳамда ҳамжиҳатлик каби мезонлар бўйича баҳоланди.
Якуний натижаларга кўра, Иброҳимовлар оиласи биринчи ўринга, Шариповлар оиласи иккинчи ўринга, Туроповлар оиласи эса учинчи ўринга сазовор бўлди.

Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.
– Оила — жамиятнинг энг муҳим ва муқаддас таянчи ҳисобланади. Бугун ўтказилган “Ибратли оила” кўрик-танлови айнан ана шу қадриятни янада мустаҳкамлаш, оилалар ўртасида ўзаро меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик ва маънавий баркамолликни тарғиб этишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Айниқса, тадбирда ҳарбий қисмда хизмат қилаётган ходимлар оилаларининг фаол иштироки алоҳида эътиборга молик. Улар ўз ҳаёти орқали сабр-тоқат, масъулият, ватанпарварлик ва оилага садоқат каби юксак фазилатларни намоён этдилар. Бу эса бошқа иштирокчилар учун ҳам ибрат мактаби бўлди, – дейди тадбир ҳакамларидан бири – Республика Маънавият ва маърифат маркази Ширин шаҳар бўлинмаси бошлиғи Хуршида Турдиева.

Энг муҳими, танлов жараёнида оилаларнинг ўзаро муносабати, фарзанд тарбиясига бўлган ёндашуви, миллий қадриятларга садоқати чуқур таҳлил қилинди. Мутахассислар таъкидлашича, бундай тадбирлар ёш авлодни соғлом маънавий муҳитда тарбиялаш, оила институтини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири