Тошкент давлат транспорт университети иқтидорли талабалари тақдирланди
Тошкент давлат транспорт университетида иқтидорли талабалар ва ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг эришиб келаётган ютуқларини кенг тарғиб этиш мақсадида тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Унда сўз олган университет ректори Абдулазиз Ғуломов ва бошқалар мазкур ютуқларнинг аҳамиятини таъкидлаб, талаба-ёшларнинг билим олишга бўлган интилиши, изланувчанлиги ва фаоллиги университет тараққиётида муҳим ўрин тутишини алоҳида қайд этди.
Таъкидланганидек, Президент давлат стипендиялари совриндорлари орасидаги талабаларнинг юқори билим ва изчил меҳнати университетдаги таълим сифати ҳамда талабалар салоҳияти юксалаётганини яққол намоён этди. Уларнинг эришган ютуқлари нафақат шахсий саъй-ҳаракатлар натижаси, балки илм-фан ва таълимга берилаётган кенг эътиборнинг амалий ифодаси сифатида ҳам баҳоланмоқда.

Тадбир давомида билимлилик, ташаббускорлик ва фаол фуқаролик позициясини намоён этаётган ёшлар алоҳида рағбатлантирилди. Шу билан бирга, университетда иқтидорли талабаларни қўллаб-қувватлаш тизими изчил равишда ривожланиб бораётгани таъкидланди.
Тақдирлаш жараёнида Ўзбекистон Республикаси Президенти давлат стипендиялари совриндорлари, университет ректори стипендияси соҳиблари, транспорт вазири стипендияси ғолиблари, автомобиль йўллари қўмитаси раиси стипендияси соҳиблари, халқаро ва республика миқёсидаги олимпиада ҳамда танловлар ғолиблари, “Олийгоҳ кубоги - 2026” танлови ғолиблари ҳамда университет лидерлари муносиб эътироф этилди.

Шунингдек, Тошкент давлат транспорт университети ва Осиё тараққиёт банки ҳамкорлигида ташкил этилган халқаро семинар-тренинг дастурида муваффақиятли иштирок этган талабалар ҳам алоҳида тақдирланди. Бу эса университетда халқаро ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини яна бир бор тасдиқлади.
Тадбир якунида барча тақдирланган талабаларга дипломлар, эсдалик совғалари ҳамда қимматбаҳо мукофотлар топширилди.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА