Ўзбекистон – Корея: таълимдаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Бухоро давлат университетида Жанубий Корея Республикасининг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Won Do Yeon иштирокида муҳим расмий учрашув бўлиб ўтди. Мазкур мулоқот икки давлат ўртасида таълим, инновация ва халқаро академик ҳамкорликни янада ривожлантириш йўлидаги амалий қадамлардан бири сифатида катта аҳамият касб этди.
Учрашувда Бухоро вилоят ҳокими ўринбосари Ботиржон Шаҳриёров раҳбарлигида таълим соҳасидаги истиқболли лойиҳалар, қўшма дастурлар ҳамда илғор хорижий тажрибаларни амалиётга жорий этиш масалалари муҳокама қилинди. Суҳбат жараёнида Бухоро вилоятида Жанубий Корея билан таълим соҳасида олиб борилаётган ҳамкорлик изчил ривожланаётгани алоҳида таъкидланди.

Хусусан, вилоят мактабгача ва мактаб таълими тизимида амалга оширилаётган қатор лойиҳалар бугун ўзининг амалий натижаларини бермоқда. Ўқитувчиларнинг Жанубий Кореяда малака ошириши, замонавий педагогик ёндашувларни ўрганиши ҳамда халқаро тажриба алмашинув дастурларида иштирок этиши таълим сифати ошишига хизмат қилмоқда. Энг муҳими, бу каби ҳамкорликлар педагогларнинг касбий маҳоратини янада юксалтириш билан бирга, ёш авлод учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда.
Учрашувда Тошкентдаги Корея таълим маркази билан ҳамкорликда амалга оширилаётган инновацион ташаббуслар ҳам юқори баҳоланди. Айниқса, корейс тилини ўқитиш борасидаги ишлар эътиборга молик. Қисқа вақт ичида корейс тили иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилаётган мактаблар сони 2 тадан 25 тагача ошгани соҳадаги улкан ўсишдан далолат беради. Бу эса ўқувчиларнинг халқаро таълим имкониятларига бўлган қизиқиши ва интилишини янада кучайтирмоқда.

Шу билан бирга, мазкур мактаб битирувчиларининг Жанубий Корея олий таълим муассасаларига грант асосида тўғридан-тўғри қабул қилинаётгани ҳам ҳамкорликнинг энг муҳим амалий натижаларидан бири сифатида қайд этилди. Бу каби имкониятлар ёшларнинг билим олишга бўлган иштиёқини ошириш, уларнинг халқаро майдонда рақобатбардош кадрлар бўлиб етишишида муҳим омил бўлмоқда.
Мулоқот давомида сунъий интеллект, рақамли технологиялар ва инновацион таълим платформаларини ўқув жараёнига кенг жорий этиш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Томонлар келгусида ушбу йўналишларда янги қўшма лойиҳаларни амалга ошириш, талабалар ва мутахассислар ўртасида академик алмашинувни кенгайтиришга тайёр эканликларини билдирдилар.

Учрашув якунида таъкидланганидек, Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик нафақат икки мамлакат ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамламоқда, балки ёшларни замонавий билим ва технологиялар билан қуроллантириш, уларнинг халқаро майдонда муносиб ўрин эгаллаши учун мустаҳкам замин яратмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА мухбирлари