Ахборотни тақдим этишда журналист маҳорати (+видео)
Фарғонада “Медиа ҳафталик” давом этмоқда. Аввал хабар берганимиздек, Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси билан ҳамкорликда босма нашр, телерадио, интернет сайтлари журналистлари, блогер ва ахборот хизмати вакиллари учун малака ошириш ўқув -семинарлари, тренинг ва ижодий мулоқотлар ташкил этган.
– Менга ёққан томони, авваллари бунақа тренинглар журналист операторлар учун бўлар эди, – дейди Фарғона вилоят телерадиокомпанияси монтажчиси Азизбек Мадазизов. – Монтажчилар учун ҳам алоҳида дарслар ўтилаётгани маъқул бўляпти. Кўп йиллардан бери монтаж соҳасида ишлаб келаман.

– Мен журналистика университетини битиришимга қарамасдан матбуот соҳасига яқинда кириб келдим. Назарий билимлардан кўра амалий билимлар бизга жуда ҳам керак ва унга муҳтожмиз. Бу ерда ўқиб- ўрганган билимларимни албатта иш жараёнида тадбиқ қиламан, – дейди “Истиқбол йўли” газетаси бош муҳаррири Шаҳноза Абдуҳошимова.

Мавзулар ҳам рангбаранг. Ижтимоий, иқтисодий ва сиёсий мавзуларни ёритишнинг ўзига хос, ноодатий жиҳатлари, телевидениеда журналистнинг кадрга чиқишига зарурат борми, монтажда янги технологик услублар ва шу каби ўнлаб йўналишларда мамлакатнинг иқтидорли, назария ва амалиётни уйғунлаштира олган тренерлар машғулот олиб боряптилар.

– Бундай медиа ҳафталик ҳар битта медиа соҳасидаги ҳамкасбларимиз учун керак эди, деб ўйлайман, – дейди Ўзбекистон 24 телеканалининг мухбири, тренер Умида Олимова. – Фарғоналик ҳамкасбларим билан мулоқот қилиб шу нарсани тушундимки, бу медиа ҳафталик янги ғоялар устида ишлашни, фикр алмашишни, соҳадаги камчиликларни қайси йўллар билан бартараф этишни ва бугуннинг томошабини эътиборига сифатли ва мазмунли телерепортажлар тайёрлашга ёрдам беради.

– Журналист ўқиб- ўрганишдан эринмаслиги, чарчамаслиги керак, – дейди блогер Шарифа Мадраҳимова. – Медиа ҳафталикнинг бизга бераётган фойдаси янги билимларни ўзлаштиряпмиз. Биз кўп йиллик профессионал журналистмиз, дейишни яхши кўрамиз, лекин ўрганадиган нарсаларимиз кўплигини ўқув машғулотига келганимизда билдик. Ахборот излаш йўлларини шу тренингга келиб ўргандим. Бу мен учун янгилик бўлди.
Навбатдаги машғулотларда Ахборот хизмати мутахассислари ва блогерлар иштирок этишади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/LfuE_zw7P4I" title="Axborotni taqdim etishda jurnalist mahorati" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов(видео, сурат), ЎзА