Президент ташаббуслари: Глобал муаммоларга миллий ечимлар
Жаҳон ҳамжамияти иқлим ўзгаришлари ва иқтисодий тебранишлар фонида мисли кўрилмаган миграция тўлқинларига юз тутаётган бир паллада, Озарбайжон пойтахтида бўлиб ўтаётган Бутунжаҳон урбанизация форумининг 13-сессияси шунчаки меъморчилик келажагини эмас, балки глобал хавфсизлик ва барқарорлик архитектурасини белгилаб берувчи муҳим сиёсий майдон вазифасини ўтамоқда. Сайёрамиз аҳолисининг қарийб 70 фоизи шаҳарларга кўчиб ўтиши кутилаётган яқин келажак олдида уч миллиард инсоннинг муносиб яшаш шароитидан маҳрумлиги шаҳарсозликни соф ижтимоий масаладан йирик хавфсизлик муаммосига айлантирмоқда. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг мазкур нуфузли минбардан қилган чиқиши чуқур ўйланган ички ислоҳотлар тажрибасига таянган минтақавий ва глобал ечимлар мажмуи сифатида таҳлилчилар эътиборини тортмоқда. Бу ўринда Ўзбекистон ўзининг жадал иқтисодий трансформациясини эндиликда аниқ ташаббуслар орқали халқаро майдонга фаол олиб чиқаётгани ҳам эътироф этилмоқда.
Ўзбекистон етакчисининг яқин ўн беш йил ичида мамлакат аҳолиси 50 миллион кишига, урбанизация даражаси эса 65 фоизга етиши ҳақидаги прогнози минтақадаги улкан геодемографик бурилишнинг асоси ҳисобланади. Аҳолининг кескин ўсиши кўплаб ривожланаётган давлатлар учун ижтимоий инқироз ва қашшоқлик манбаи бўлиб хизмат қилаётган бўлса, Янги Ўзбекистон буни иқтисодий ўсиш драйверига айлантириш стратегиясини танлаган. Жаҳон банкининг 2026 йил учун Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти ўсишини 6,4 фоиз даражасида барқарор баҳолаётгани замирида ҳам айнан давлатнинг аҳолини арзон уй-жой билан таъминлаш дастурларига ҳар йили қарийб 2 миллиард доллар йўналтираётгани, бунинг ортидан бутун бошли қурилиш, саноат ва хизмат кўрсатиш занжири ҳаракатга келаётгани ётади. Айниқса, сўнгги ўн йил ичида қурилаётган уй-жойларнинг йиллик сони 10 баробар ошиб, 2025 йилда 238 мингта хонадонга етказилгани, шунингдек, юз мингга яқин норасмий турар жойларнинг қонунийлаштирилгани мулк ҳуқуқини таъминлаш ва аҳоли капиталини легализация қилишдаги энг тўғри қадамлардан бири сифатида эътироф этилмоқда. Бу тажриба орқали Ўзбекистон барча ҳудудларда мутаносиб урбанизация тамойилини илгари суриб, ресурсларнинг фақат йирик метрополисларда марказлашиб қолиши ва чекка ҳудудлар инқирозининг олдини олиш бўйича глобал ҳамжамиятга ўзининг амалий формуласини тақдим этди.
Ушбу ички трансформация жараёни мамлакатнинг инвестицион жозибадорлиги билан узвий боғлиқ бўлиб, “Янги Тошкент” лойиҳаси бунинг яққол моддий ифодаси саналади. Биринчи босқичининг ўзида 25 миллиард долларлик сармояларни жалб этган мазкур лойиҳа “яшил”, “ақлли” ва “15 дақиқали шаҳар” тамойилларига қурилгани мамлакатнинг анъанавий хомашё иқтисодиётидан юқори қўшилган қийматли, халқаро сармоялар учун очиқ инновацион ҳудудга айланаётганидан далолат беради. Давлатимиз раҳбари томонидан сунъий интеллект ва рақамли трансформация бўйича халқаро “Ақлли ва хавфсиз шаҳарлар альянси”ни тузиш ҳамда БМТ-Ҳабитатнинг “Яшил шаҳар” мукофотини таъсис этиш ташаббуслари орқали Ўзбекистон эндиликда минтақада иқлим ўзгаришларига мослашиш ва рақамлаштириш жараёнларининг бевосита ташаббускори мақомини олмоқда. Осиё тараққиёт банки ва бошқа йирик молия институтлари яқиндан кўмак бераётган экологик барқарорлик ва “Яшил макон” каби миллий дастурлар доирасида шаҳарларда яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсади нафақат пойтахтда, балки бутун республика бўйлаб қад ростлаган 61 та “Янги Ўзбекистон” массивларида реал синовдан ўтмоқда. Келгуси йили Самарқанд шаҳрида уй-жой қурилишига сармоя жалб этиш бўйича янги ёндашувларга бағишланган халқаро форумни ўтказиш таклифи эса ушбу миллий ютуқларни йирик халқаро капитал бозори билан узвий боғлаш йўлидаги прагматик қадамдир.
Нутқдаги энг ўзига хос дипломатик ва ижтимоий силжиш – шаҳарсозлик ва ижтимоий бошқарув масалаларида анъанавий маҳалла институтини халқаро мунозаралар марказига олиб чиқиш бўлди. Дунёнинг йирик метрополислари аҳолининг бегоналашуви, ижтимоий тармоқларнинг узилиши ва маҳаллий бошқарув инқирозидан азият чекаётган бир пайтда, Ўзбекистон ўзини ўзи бошқаришнинг асрлар давомида шаклланган, аммо сўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида молиявий ва ҳуқуқий жиҳатдан мустақил ваколатларга эга бўлган маҳалла тизимини барқарор ижтимоий бирлик модели сифатида таклиф қилди. 2030 йилда Бутунжаҳон урбанизация форумининг 15-сессиясини айнан Янги Тошкент шаҳрида ўтказиш ва унинг бош мавзусини маҳалла институтига бағишлаш ташаббуси четдан андоза олувчи давлат позициясидан ўзининг ижтимоий-сиёсий инновацияларини халқаро ҳамжамиятга тақдим этувчи проактив давлатга айланиш стратегиясини тўла намоён этади.
Бокудаги саммит минбаридан янграган ушбу ёндашувлар Янги Ўзбекистоннинг ички сиёсатидаги инсон қадри, хусусий мулк дахлсизлиги ва ижтимоий хавфсизлик тамойиллари ташқи сиёсатдаги қатъий ва конструктив ҳаракатларга кўчганини тасдиқлайди. Мамлакатимизнинг уй-жой сиёсати, демографик ўсишни сармоявий имкониятга айлантириш ва яшил иқтисодиётга ўтиш борасидаги тажрибаси эндиликда фақатгина миллий тараққиёт йўналиши бўлиб қолмай, балки Марказий Осиё ва ундан ташқарида геосиёсий барқарорлик ҳамда мутаносиб ривожланишни таъминловчи ўзига хос мезон вазифасини ўтамоқда. Ўзбекистон раҳбарининг халқаро ташаббуслари мамлакатнинг шунчаки глобал чақириқларга келишувчанлик билан мослашувчи эмас, балки инқирозларни жиловлаб, аниқ ҳамда синалган ечимлар таклиф қила оладиган масъулиятли ва мустақил халқаро ҳамкор сифатидаги янги қиёфасини яна бир бор намоён этди.
Алишер ЭГАМБЕРДИЕВ,
Ўзбекистон Миллий университети
таянч докторанти, ЎзА