Самарқанд, Нукус ва Навоийда истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоя қилинди
Рақобат қўмитаси томонидан аҳоли мурожаатларини тезкор ва адолатли ҳал этиш борасида амалий ишлар давом этмоқда. Коммунал хизматлар, дори воситалари савдоси ҳамда ташқи реклама соҳаларида келиб тушган мурожаатлар асосида ўтказилган ўрганишлар натижасида қонунбузарликлар аниқланиб, истеъмолчилар манфаатлари ҳимоя қилинди.
Хусусан, Самарқанд вилоятида дори воситалари нархини сунъий ошириш ҳолатларига қарши чоралар кўрилди. Рақобат қўмитасининг “Fair Tech” ягона ахборот тизими орқали жорий йил давомида 47 та дорихона фаолияти ўрганилиб, 35 тасига нисбатан иш қўзғатилган. Текширувлар жараёнида “Jannat shifo” МЧЖ томонидан 15 мингдан ортиқ ҳолатда белгиланган савдо устамаларига риоя қилинмагани маълум бўлди. Натижада, қарийб 15 миллион 800 минг сўм миқдорида асоссиз олинган маблағни истеъмолчиларга қайтариш бўйича кўрсатма берилди.
Қорақалпоғистон Республикасида эса газ таъминоти соҳасидаги мурожаат ижобий ҳал этилди. Нукус шаҳрида яшовчи фуқаро М.А.га нисбатан қарийб 147 миллион сўм миқдорида газ қарздорлиги ҳисоблангани юзасидан ўтказилган ўрганишларда ҳисоб-китоблар қоидаларга зид равишда амалга оширилгани аниқланди. Хусусан, қарздорлик сўнгги кўрик санасидан эмас, балки ўтган уч йиллик давр учун ҳисобланган. Махсус комиссия қарорига кўра, 99 миллион 120 минг сўмлик қарздорлик асоссиз деб топилди, фуқаронинг ҳақиқий қарзи эса 47 миллион 390 минг сўм экани белгиланди. Шу орқали фуқаронинг ҳуқуқлари тикланиб, газ таъминоти ташкилотларига қонунбузарликларни бартараф этиш бўйича кўрсатмалар берилди.
Навоий вилоятида ташқи реклама соҳасида қонун талабларига риоя этилиши юзасидан ўтказилган мониторинглар ҳам муайян натижалар берди. Ўрганишлар давомида “SHEDEVR NAVOIY” МЧЖ томонидан ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш учун ажратилган ер майдонига ҳеч қандай рухсатномасиз ташқи реклама воситаси ўрнатилгани аниқланди. Ҳудудий бошқарма махсус комиссияси мазкур ҳолатни “Рақобат тўғрисида”ги қонун талабларининг бузилиши деб топиб, корхонага мажбурий кўрсатма берган. Корхона ушбу қарордан норози бўлиб судга мурожаат қилган бўлса-да, суднинг биринчи ва апелляция инстанцияларида ҳам ҳудудий бошқарма қарори қонуний деб топилди.
Мутахассислар фикрича, бу каби мурожаатларнинг ижобий ҳал этилиши нафақат аҳоли манфаатларини ҳимоя қилиш, балки тадбиркорлик субъектларини ҳам қонун доирасида фаолият юритишга ундашда муҳим аҳамият касб этади.
Н. Раҳмонова, ЎзА