Ички ишлар тизимида жиноят эмас, назорат ошди
ИИВ Маданият саройида ўтказилган матбуот анжумани бу сафар оддий ҳисобот эмас, балки тизимдаги реал ўзгаришлар, эришилган натижалар ва очиқлик тамойилининг амалий ифодасига айланди.
“Очиқлик ва халқ билан мулоқот — асосий мезон” мавзусида ташкил этилган тадбирда вазир ўринбосари — Тергов департаменти раҳбари, полковник Рамазон Ашропов бошчилигида ички ишлар органларининг турли йўналишлари бўйича раҳбарлар, шунингдек ОАВ ва блогерлар иштирок этишди.
Тадбир давомида нафақат статистик рақамлар, балки бу рақамлар ортидаги тизимли ёндашув, муаммолар ва уларнинг ечимлари очиқ муҳокама қилинди.
Тадбир аввалида иштирокчилар ички ишлар органларининг замонавий техник воситалари ва рақамли тизимлари билан танишди. Бу эса тизимда олиб борилаётган ислоҳотлар қоғозда эмас, амалда эканини яққол кўрсатади.
Шундан сўнг тергов департаменти раҳбари, полковник Рамазон Ашропов томонидан ИИВ фаолиятининг жорий йил биринчи чорагидаги натижалар кенг қамровда тақдим этилди.
Тақдим этилган маълумотлар шуни кўрсатадики, ички ишлар органлари фаолиятида асосий урғу аҳолига яқинлашиш ва мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишга қаратилган. Қисқа муддат ичида мингдан ортиқ фуқаролар билан бевосита учрашувлар ўтказилиб, мурожаатларнинг катта қисми жойида ҳал этилгани тизимда тезкорлик ва очиқлик тамойиллари устувор аҳамият касб этаётгани, марказдан туриб эмас, ҳудудларга тушиб ишлаш амалиёти кенгайганини кўрсатади.
Рақамлаштириш йўналишида ҳам эришилган натижалар тизимдаги туб ўзгаришларни намоён этади. Давлат хизматларининг аксарияти электрон шаклга ўтказилиб, қисқа вақт ичида 1,5 млнга яқин хизмат масофадан туриб кўрсатилган.
Жамоат хавфсизлиги ва жиноятчиликка қарши кураш йўналишида қайд этилган натижалар ҳисоботнинг энг муҳим қисмларидан бири бўлди. Хусусан, олдини олиш мумкин бўлган жиноятларнинг 83,8 фоизи фош этилгани, 2 193 нафар қидирувдаги шахс қўлга олингани ҳамда жиноятларни аниқлаш самарадорлиги 37,1 фоизга ошгани тизимнинг фақат содир бўлган ҳолатларга жавоб бериш эмас, балки фаол қидирув ва тезкор ишлаш босқичига ўтганини кўрсатади. Шу билан бирга, жиноят турлари таҳлили гиёҳвандлик билан боғлиқ ҳолатлар устун эканини кўрсатиб, бу йўналишдаги хавф ҳали ҳам долзарблигича қолаётганини англатади.
Тадбирда молиявий натижалар ҳам алоҳида қайд этилди. Унаг кўра, жиноятлар натижасида етказилган 484,1 млрд сўмлик зарарнинг тергов жараёнидаёқ қоплаб берилган. Шунингдек, 12 та нарколаборатория фаолиятига чек қўйилиб, 872 кг.дан ортиқ наркотик моддалар ҳамда юз минглаб кучли таъсир қилувчи дори воситалари ноқонуний муомаладан чиқарилган.
Замонавий таҳдидлар қаторида қисқа вақт ичида 3 554 та кибержиноят фош этилгани, 32 млрд сўмлик маблағларнинг ноқонуний айланмасининг олди олингани, минглаб банк карталари блоклаш орқали минглаб фуқароларнинг молиявий хавфсизлиги таъминлангани рақамли хавфсизликни таъминлаш бўйича ишлар изчил кучайтирилаётганини кўрсатади.
Йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасида эса қарийб 2 млн.га яқин қоидабузарлик аниқланган. Бу эса ўз навбатида назорат тизими сезиларли кучайтирилганини англатади.
Шунингдек, тадбирда энг муҳим йўналишлардан бири сифатида профилактика ишларига алоҳида эътибор қаратилгани қайд этилди.
Жумладан, 13 мингдан ортиқ оиланинг ажримдан сақлаб қолингани, 29 мингдан зиёд аёлнинг ҳимояга олингани, минглаб ёшлар билан манзилли ишлаш тизими йўлга қўйилгани ҳамда юз минглаб муаммоларнинг хонадонма-хонадон ўрганилгани ички ишлар органлари фаолияти фақат жазолаш эмас, балки жамиятдаги муаммоларни эрта босқичда ҳал этишга қаратилганини кўрсатади.
Айниқса, матбуот анжуманида олинган энг муҳим хулоса шу бўлдики, бугунги кунда жиноятни фош қилишдан кўра олдини олишга урғу кучайган. Шу билан биргаликда, рақамли (кибер) жиноятларнинг кескин ўсиб бораётгани, шунингдек, назорат кучайгани сабаб статистикалар ҳам кўпроқ ўсиб бораётганлиги сезилади.
Мулоқот якунида журналистлар ва блогерлар томонидан берилган саволларга мутасаддилар томонидан очиқ ва асосли жавоблар берилди.
Бу эса тадбирнинг формал ҳисоботлардан иборат эмас, балки ҳақиқий мулоқот майдонига айланиб бораётганини тасдиқлайди.
М.Эшмирзаева, ЎзА