ОCА вице-президенти кураш семинарида қатнашди
Тошкент шаҳридаги “Олимпия шаҳарчаси”да жойлашган замонавий велоспорт мажмуасида миллий спортимиз кураш бўйича ўтказилаётган халқаро семинарнинг якуний босқичи – амалий имтиҳонлар жараёнида Осиё олимпия кенгаши (ОCА) вице-президенти, Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Отабек Умаров иштирок этди.
Интенсив машғулотларда Европа, Осиё ва Африка қитъаларидан келган иштирокчилар эгаллаган билим ва кўникмаларини амалий тарзда намойиш этди. Семинар давомида О.Умаров курс тингловчиларининг тайёргарлик жараёни билан яқиндан танишди.

Мулоқот жараёнида Халқаро кураш ассоциацияси бош котиби Муҳаммад Реза Нассири ҳамда Халқаро кураш институти ректори Ҳабибулла Тожиев томонидан уч ойлик онлайн таълим дастури ва бир ҳафталик амалий семинар натижалари юзасидан батафсил маълумот тақдим этилди.

Семинар иштирокчилари кураш халқаро майдонда оммалашаётгани ҳамда ушбу жараён изчил қўллаб-қувватланаётганини алоҳида таъкидлади.
Т.Рўзиев,
ЎзА