Мамлакатимизнинг энг кучли спорт гимнастикачилари сараланди
Тошкент шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича катталар ва ёшлар ўртасидаги Ўзбекистон чемпионати ўз якунига етди. Мусобақада мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган спортчилар иштирок этиб, турли дастурлар бўйича рақобатлашди.
Жумладан, катталар ўртасидаги кўпкураш беллашувларида Ҳабибулло Эргашев, Асадбек Аъзамов ва Мансур Раҳмонов ғолиб бўлди. Шунингдек, эркин машқда Сарвар Абулфайзов, дастакли от дастурида Равшан Комилжонов, ҳалқаларда Абдулазиз Мирвалиев, таяниб сакрашда Озотилло Абдурасулов, қўшпояда Ўткирбек Жўраев ва турникда Ўткирбек Жўраев олтин медални қўлга киритди.

Ёшлар ўртасидаги СУ жамоавий баҳсларида Фарғона вилояти спортчиларига тенг келадигани топилмади. Кўпкураш беллашувлари якунига кўра Тимур Камаев мамлакат чемпионига айланди. Ўз йўналишларида Данил Дмитриев эркин машқда, Тимур Ғафуров дастакли от ва қўшпоя, Тимур Камаев ҳалқа, Одилбек Отахонов таяниб сакраш ва турникда шоҳсупа тўридан жой олди.
Мусобақа якунида ғолиб ва совриндорлар тақдирланди ҳамда миллий терма жамоа учун истиқболли спортчилар саралаб олинди.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА