Уч мерганимиз жаҳон кубоги шоҳсупасига кўтарилди
Миср пойтахти Қоҳира шаҳрида ўқ отиш спорти бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон кубоги мусобақасида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари муваффақиятли иштирок этди. Якуний натижаларга кўра, мерганларимиз 1 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Жаҳон кубогининг 10 метр масофадан пневматик милтиқдан отиш дастурида Жавоҳир Соҳибов барча рақибларини ортда қолдириб, олтин медалга сазовор бўлди. Шу йўналишда, пневматик тўппончадан отиш баҳсларида Содиқжон Абдуллаев иккинчи ўринни эгаллаб, кумуш медални қўлга киритди. Яна бир ҳамюртимиз Никита Соколов эса 50 метр масофада пневматик милтиқдан 3 хил ҳолатда отиш дастурида бронза медалига эришди.
Маълумот ўрнида, жорий йил февраль ойида Нью-Деҳли шаҳрида бўлиб ўтган Осиё чемпионатида ҳам Содиқжон Абдуллаев муваффақиятли иштирок этиб, кумуш медалга сазовор бўлган эди.
Мазкур натижалар юртимизда ўқ отиш спорти янада ривожланаётгани, ёш спортчиларнинг халқаро майдонда ҳам муносиб рақобат кўрсата олаётганини яна бир бор тасдиқлади.
Жавоҳир Тошхўжаев,
ЎзА