Ободлик ва яшиллик сари муҳим ташаббус
Бугунги кунда экологик барқарорликни таъминлаш ҳар қачонгидан ҳам зарур. Чунки технологик тараққиётнинг экологияга салбий таъсирини камайтиришга ҳаммамиз бирдек масъул.
Шу мақсадда, Яккасарой ва Чилонзор туманлари ҳудудидан оқиб ўтувчи “Бўрижар” канали бўйи тубдан янгиланиб, замонавий ва обод масканга айлантирилмоқда.
Ушбу ҳудудни янада кўркамлаштириш, экологик муҳитни яхшилаш ҳамда аҳоли учун қулай яшил ҳудуд яратиш мақсадида “Замин” халқаро жамоат фонди ташаббуси билан манзарали дарахт экиш тадбири ташкиллаштирилди.
Унда Яккасарой туман ҳокими, туман прокурори, ички ишлар органлари, солиқ инспекцияси раҳбарияти, ҳоким ўринбосарлари, ҳоким ёрдамчилари, ёшлар етакчилари, ёш волонтёрлар ҳамда ҳокимлик ходимлари фаол иштирок этди.
Иштирокчилар томонидан ҳудудга турли хил манзарали дарахт кўчатлари экилиб, яшил ҳудудлар кенгайтирилди. Бу эса нафақат экологик барқарорликни таъминлаш, балки келажак авлод учун соғлом ва мусаффо муҳит яратишга хизмат қилади.
Тадбир якунида бу каби ташаббуслар барча ҳудудларда босқичма-босқич амалга оширилиши алоҳида қайд этилди.
Шербек Исломов, ЎзА