Ноқонуний маҳсулотлар борлиги аниқланди
Юртимизда давлат чегаралари орқали товар-моддий бойликларни қонун доирасида олиб кириш ва олиб чиқишни таъминлаш, контрабанда ва ноқонуний савдо ҳолатларининг олдини олиш божхона органларининг муҳим вазифаларидан бири ҳисобланади. Айниқса, аҳоли саломатлиги билан боғлиқ тиббиёт воситалари ва махсус рухсат талаб этиладиган маҳсулотларни назорат қилиш бу борада алоҳида аҳамият касб этади.
Ана шундай навбатдаги қонунбузилиш ҳолати Бухоро вилояти божхона бошқармасининг “Бухоро аэропорти” чегара божхона постида аниқланди. Маълум бўлишича, “Шереметево – Бухоро” йўналишидаги авиарейс орқали мамлакатимизга кириб келган фуқаронинг хатти-ҳаракатлари божхона ходимларида шубҳа уйғотган. Шундан сўнг белгиланган тартиб асосида ушбу шахс ва унга тегишли юклар батафсил текширувдан ўтказилди.

Текширув жараёнида юклар орасида ҳужжатларда кўрсатилмаган, белгиланган меъёрлардан ортиқ миқдорда олиб кирилаётган тиббиёт буюмлари борлиги маълум бўлди. Хусусан, фақат тегишли рухсатнома асосида олиб кирилиши мумкин бўлган жами 91 дона стоматологик имплантлар аниқланган.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу товарларнинг умумий қиймати 200 миллион сўмдан зиёдни ташкил этади. Мазкур маҳсулотларнинг қонунга зид равишда олиб кирилишига ўз вақтида чек қўйилди ва улар белгиланган тартибда расмийлаштирилди.
Ҳозирги вақтда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.