Ҳарбий хизматчиларнинг амалий тайёргарлиги синовдан ўтди
ФОТОРЕПОРТАЖ
Шимоли-ғарбий ҳарбий округда ўтказилган кўргазмали амалий машғулотлар ҳарбий тайёргарлик тизими мазмунан янги босқичга кўтарилаётганини намоён этди.
Тадбирда Мудофаа вазирлиги масъуллари ҳамда округ бош сержантлари иштирок этиб, ҳарбий хизматчилар тайёргарлигининг амалий ҳолатини баҳолаш, илғор тажрибаларни оммалаштириш ва мавжуд камчиликларни бартараф этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.
Машғулотлар давомида аскарлар бир қатор муҳим йўналишлар бўйича назарий билим ва амалий кўникмаларини мустаҳкамлади. Жумладан, тактик тиббий тайёргарлик машқларида жанг майдонида тезкор ва аниқ тиббий ёрдам кўрсатиш усуллари амалда синовдан ўтказилди.
Алоқа тайёргарлиги бўйича машғулотларда замонавий технологиялар асосида узлуксиз ва ишончли ахборот алмашинувини таъминлаш кўникмалари оширилди.
Отиш тайёргарлиги жараёнида ҳарбий хизматчиларнинг аниқлик ва тезкорлик бўйича маҳорати синовдан ўтказилди. Шунингдек, тактик учлик ва тўртлик ҳаракатлари орқали жамоавий ҳамкорлик, ўзаро ишонч ва мувофиқлаштирилган ҳаракатларнинг аҳамияти амалда намоён этилди.
[gallery-28969]
Замонавий ҳарбий ҳаракатларнинг муҳим қисмига айланган учувчисиз учиш аппаратлари бўйича ўтказилган амалий машғулотлар ҳам иштирокчиларнинг технологик кўникмаларини мустаҳкамлашга хизмат қилди.
Тадбир якунида ташкил этилган давра суҳбатида ҳарбий хизматчиларнинг хизмат шароити, тартиб-интизоми, моддий-техник таъминоти ҳамда хизмат самарадорлигини ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Очиқ мулоқот давомида ҳарбий хизматчиларнинг фикр-мулоҳазалари тингланиб, хизмат самарадорлигини янада оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.
Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА