Наманганда замонавий хизмат кўрсатиш кўчаси фойдаланишга топширилиш арафасида
ФОТОРЕПОРТАЖ
Наманган шаҳрининг энг гавжум ҳудудларидан бири — Лутфий, Усмон Носир ва Банк кўчалари кесишмасининг 2 километрлик қисмида барпо этилаётган замонавий хизмат кўрсатиш кўчаси фойдаланишга топширилиш арафасида.
“Замин дизайн” масъулияти чекланган жамияти лойиҳаси асосида “Big family” масъулияти чекланган жамияти томонидан амалга оширилаётган қурилиш ишлари якуний босқичга етди. “Зарбдор тажрибаси” асосида ташкил этилаётган мазкур сервис ҳудудида 20 дан ортиқ савдо объекти барпо этилмоқда. Ушбу объектлар “К-savdo” электрон платформаси орқали харид қилган тадбиркорлар томонидан замонавий кўринишда қурилмоқда.
Шаҳар ҳокими А. Камолов ҳудудда олиб борилаётган ишлар билан танишиб, қурилиш сифати ва муддатларига алоҳида эътибор қаратди. Ўрганиш жараёнида аниқланган айрим камчиликларни бартараф этиш ҳамда ишларни белгиланган стандартлар асосида якунлаш юзасидан масъулларга тегишли топшириқлар берилди.
[gallery-28962]
Шу билан бирга, Наманганда 65-Халқаро Гуллар фестивалига тайёргарлик ишлари ҳам жадал давом этмоқда. Юбилей тадбирини юқори савияда ташкил этиш мақсадида зарур чора-тадбирлар амалга оширилаётир.
Боғ ҳудудида ободонлаштириш ишлари, яшил майдонларни тартибга келтириш, ноқонуний қурилмаларни бартараф этиш ҳамда ҳудуднинг эстетик кўринишини яхшилашга қаратилган кенг кўламли ишлар олиб бориляпти.
Шунингдек, “Бир ой давомида жамоа томонидан экилган энг кўп гуллар” номинацияси бўйича рекорд ўрнатиш мақсадида гул экиш ишлари изчил давом эттирилмоқда.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА