Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик стратегияси: натижа ва истиқбол
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсати сўнгги йилларда тубдан янгиланиб, мазмун-моҳият жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилди. Бундай сиёсатнинг асосий белгиси сифатида очиқлик, ишонч ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойили илгари сурилди. Айни стратегия нафақат назарий ёндашув, балки амалий натижа билан мустаҳкамланаётган тизимли сиёсий йўл сифатида намоён бўлмоқда.
Таъкидлаш жоиз, мамлакатимиз ташқи сиёсати миллий манфаатга асосланган ҳолда очиқ ва самарадор хусусият касб этмоқда. Расмий манбаларга кўра, ташқи сиёсий фаолиятимизнинг бош мақсади – суверенитетни мустаҳкамлаш, халқаро майдонда юрт нуфузини ошириш ва ён-атрофда барқарор муҳит шакллантиришдан иборат. Бундай ёндашув ташқи сиёсат ёпиқ ва бир томонлама эмас, балки кўп қиррали, прагматик тус олганини англатади.
Шу нуқтаи назардан очиқлик стратегияси аввало минтақавий даражада акс этиб, Марказий Осиё мамлакатлари билан муносабат янги босқичга кирди. Ўзаро ишонч муҳитини шакллантириш, чегара масалаларини ҳал этиш, транспорт ва энергетика соҳаларида интеграцияни кучайтириш каби йўналишлар устувор вазифа сифатида белгиланди. Натижада минтақамиз аввалги зиддиятлар майдонидан ҳамкорлик маконига айлана бошлади.

Янги ташқи сиёсий стратегиямизнинг яна бир муҳим жиҳати – глобал майдонда фаоллик ортиб бориши билан белгиланади. Сўнгги йилларда республикамиз халқаро ташкилотлар, йирик давлатлар ва минтақавий блоклар билан ҳамкорликни кенгайтирди. Яъни, Ўзбекистон “Шарқ ва Ғарб, Шимол ва Жануб ўртасида кўприкка айланиш” тамойилини танлаган. Бундай йўл геосиёсий жиҳатдан мувозанатли ва манфаатли ташқи сиёсатга хос. Ташқи иқтисодий алоқада ҳам очиқлик муҳим натижа берди. Инвестиция муҳити яхшиланиши, савдо ҳажми ўсиши ва халқаро иқтисодий интеграция чуқурлашиши фикримизга яққол далилдир. Масалан, Европа Иттифоқи билан савдо-сотиқ изчил ўсиши мамлакат иқтисодиётининг ташқи бозорга интеграциялашувини кучайтирди. Бошқача айтганда, ташқи сиёсат ва иқтисодий ислоҳот ўзаро уйғунлик касб этган.
Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатининг муҳим хусусиятларидан яна бири – прагматика ва мувозанат. Мамлакатимиз турли геосиёсий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириб, ташқи сиёсатда қарама-қаршилик эмас, балки манфаат тарозисини тенг ушлашга интилмоқда. Бугунги ташқи сиёсатимиз очиқлик, прагматизм ва фаоллик тамойилига асосланган.
Шу ўринда “Ўзбекистон-2030” стратегияси доирасида ташқи сиёсатда очиқликни янада чуқурлаштириш устувор вазифа этиб белгиланганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу жараёнда минтақавий интеграция, транспорт-коммуникация лойиҳалари, сув-энергетика ҳамкорлиги каби йўналишлар стратегик аҳамиятга эга. Демак, ташқи сиёсатимизда узоқ муддатли, тизимли ва барқарор ёндашув шаклланмоқда. Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик стратегияси қисқа вақтда сезиларли натижа берди. Мамлакатнинг халқаро имижи яхшиланди, минтақада ишонч муҳити мустаҳкамланди, иқтисодий алоқалар кенгайди ва глобал майдондаги фаоллик ошди. Энг муҳими, ташқи сиёсат ички ислоҳот билан уйғунлашиб, миллий тараққиёт драйверига айланмоқда. Очиқлик стратегиясининг истиқболи барқарорлик ва институционаллашув билан бевосита боғлиқ. Бугунги кунда Ўзбекистон ташқи сиёсати иқтисодий дипломатия, “халқ дипломатияси” ва маданий-гуманитар ҳамкорлик орқали ҳам кенгаймоқда. Шу тариқа ташқи сиёсат кенг қамровли ва кўп қатламли тизимга айланмоқда.

Кейинги босқичда очиқликни янада чуқурлаштириш учун қатор устувор йўналишлар белгилаб олинган. Биринчидан, Марказий Осиёда интеграция жараёнини институционал асосга ўтказиш муҳим аҳамият касб этади. Бу борада доимий мулоқот платформаси, қўшма дастурлар, минтақавий институтлар шаклланиши самарадорликни янада оширади. Иккинчидан, транспорт ва логистика соҳасидаги трансмиллий лойиҳалар орқали транзит салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш масаласи долзарб. Учинчидан, ташқи сиёсатга рақамли дипломатия ва инновацион ёндашув жорий этиш истиқболли йўналиш сифатида кўриляпти. Ахборот технологиялари ва рақамли платформалар орқали халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, мамлакат имижини илгари суриш ва инвестиция жалб этиш имконияти ортиб боради. Бундай услуб ташқи сиёсатни замонавий талабга мослаштиришнинг муҳим омилидир.
Очиқлик стратегиясини амалга оширишда муайян хавф ҳам мавжудлигини инкор этиб бўлмайди. Жумладан, глобал геосиёсий рақобат кучайиши, сув-энергетика масаласи ва хавфсизликка оид таҳдид ташқи сиёсат самарадорлигига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Шу нуқтаи назардан ташқи сиёсатда мувозанат ва эҳтиёткорлик тамойилини сақлаб қолиш Ўзбекистон учун устувор аҳамият касб этади. Қолаверса, ташқи иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, экспорт бозорини кенгайтириш ва юқори қўшилган қийматли маҳсулот улушини ошириш ҳам ташқи сиёсатнинг муҳим вазифаларидан бири бўлиб қолмоқда. Шу тариқа мамлакат иқтисодиётининг ташқи омилларга қарамлигини камайтириш, барқарор ривожланишни таъминлаш мумкин.
Умуман, Янги Ўзбекистон ташқи сиёсатида очиқлик стратегияси нафақат бугунги кун учун, балки узоқ муддатли истиқболда ҳам самарали модель сифатида шаклланмоқда. Айни жараёнда асосий устунлик миллий манфаатни ҳимоя қилган ҳолда глобал ҳамкорлик йўлига, яъни “ёпиқликдан очиқликка” ўтиш орқали янги тараққиёт имкониятини яратишдир. Хулоса қилиб айтганда, ташқи сиёсатимизда очиқлик стратегияси қисқа давр ичида сезиларли натижаларга эришди ва бугунги кунда мамлакат тараққиётининг муҳим устунига айланди. Келгусида мазкур сиёсатни изчил давом эттириш, янги шароитларга мослаштириш ва институционал жиҳатдан мустаҳкамлаш диёримизнинг халқаро майдондаги ўрни ва нуфузини янада оширишга хизмат қилади.
Мусулмон Зиё, ЎзА