Марказий Осиёда “яшил кун тартиби”: экологик ҳамкорлик – барқарорлик кафолати
Бугун экологик муаммолар инсоният олдидаги энг долзарб чақириқлардан бирига айланди. Илгари бундай масалалар алоҳида давлатлар доирасида кўриб чиқилган бўлса, эндиликда глобал тус олиб, барча мамлакатлар тараққиётига таъсир кўрсатмоқда. Иқлим ўзгариши, атроф-муҳит ифлосланиши ва сув ресурслари камайиши нафақат экологик, балки геосиёсий ва геоиқтисодий барқарорликка ҳам жиддий хавф солмоқда. Шу боис халқаро майдонда айни муаммоларга ечим топишга қаратилган ташаббуслар ва мулоқот платформаларига эҳтиёж ортмоқда.
Тошкент давлат шарқшунослик университети ҳузуридаги “Шарқ мамлакатлари ривожланишини тадқиқ этиш илмий-таҳлилий маркази” директори, сиёсий фанлар бўйича фалсафа доктори Адҳамжон Мамаджонов таҳлилига кўра, мураккаб иқлим шароити кучайиб бораётган бир пайтда Ўзбекистон атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган ташқи сиёсатини изчил намоён этмоқда. Мамлакат бу жараёнда фақат кузатувчи эмас, балки аниқ таклиф ва амалий ташаббуслар билан иштирок этаётган фаол иштирокчи сифатида намоён бўлмоқда.
Хусусан, Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрида ўтказилган минтақавий экологик саммит ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгаши йиғилиши ана шу саъй-ҳаракатларнинг амалий ифодасидир. Ушбу анжуманларда қатнашган Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев мамлакатимизнинг мазкур йўналишда халқаро майдондаги нуфузи ва конструктив ташқи сиёсатини яна бир тасдиқлади.
Давлатимиз раҳбари ўз нутқида саммитнинг “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” ғоясини қўллаб-қувватлаб, ўзаро боғлиқ экологик хавфларни фақат биргаликда ҳал этиш мумкинлигини таъкидлади. Ўзбекистоннинг бу борадаги аниқ ташаббуслари ва таклифларини илгари сурди.
Муҳокама марказида Марказий Осиёда барқарор тараққиётни таъминлаш, экология ва сув муаммосини биргаликда ҳал этиш каби масалалар турди. Президент Мирзиёев глобал экологик бирдамлик заифлашаётгани, кўплаб декларациялар амалий ресурс билан таъминланмаётгани, шунингдек иқлим ўзгаришига энг кам таъсир кўрсатаётган давлатлар салбий оқибатлар билан яккама-якка курашаётганини алоҳида қайд этди.
Шу нуқтаи назардан Марказий Осиё давлатлари атроф-муҳитни муҳофаза қилишни минтақавий ҳамкорликнинг устувор йўналиши даражасига кўтаргани муҳим аҳамиятга эга. Бу борада иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича минтақавий стратегия ва “Марказий Осиё учун яшил кун тартиби” дастури алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, форум доирасида “Марказий Осиё экологик бирдамлиги” декларацияси ҳамда БМТ тузилмалари билан ҳамкорликда 2030 йилгача мўлжалланган Ҳаракатлар дастурини қабул қилиш ташаббуси илгари сурилди. Ушбу ҳужжатлар минтақада экологик муаммоларни ҳал этишда янги босқични бошлаб бериши кутиляпти.
Давлатимиз раҳбари юртимизда экологик барқарорликни таъминлаш борасида амалга оширилаётган тизимли ишларга алоҳида урғу берди. Хусусан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида сўнгги йилларда қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилгани қайд этилди. Шунингдек, Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзор барпо этилиб, янги “яшил белбоғ”лар яратилгани таъкидланди.
Бундан ташқари Ўзбекистон Париж битими доирасида зарарли чиқиндини 35 фоиз камайтириш бўйича мажбуриятини муддатидан олдин бажаргани, 2035 йилгача ушбу кўрсаткични яна икки баробар қисқартириш мақсади белгилангани маълум қилинди. Мамлакатимиз ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан “Ўрмонлаштириш ва ўрмонларни тиклаш бўйича ҳаракатлар ўн йиллиги” резолюцияси қабул қилиниши ҳам муҳим воқеадир.
Саммит доирасида Ўзбекистон Президенти қатор янги ва амалий ташаббусларни илгари сурди. Жумладан, атмосфера ҳавоси сифати ёмонлашаётган шароитда “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини ташкил этиш таклифи билдирилди. Шунингдек, Ўзбекистондаги Яшил университет ҳузурида фаолият юритаётган чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши курашиш ҳамда қум ва чанг бўронидан барвақт огоҳлантириш марказига минтақавий мақом бериш зарурлиги таъкидланди.
Технологик модернизация жараёнини жадаллаштириш мақсадида “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш, иқлим лойиҳалари бўйича ягона минтақавий инвестиция портфелини яратиш таклиф этилди. Қолаверса, атроф-муҳитдаги ўзгаришни акс эттирувчи ягона минтақавий атлас ишлаб чиқиш, биологик хилма-хилликни сақлаш учун “Марказий Осиё Қизил китоби”ни яратиш ташаббуслари илгари сурилди.
Ёшлар иштирокини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, 2027 йил Ўзбекистонда Бутунжаҳон ёшлар иқлим форумини ўтказиш таклифи билдирилди. Бу ташаббус экологик кун тартибини илгари суришда ёш авлоднинг фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилади.
Шунингдек, жорий йил Самарқанд шаҳрида Глобал экологик фонднинг саккизинчи ассамблеяси, сентябрь ойи охирида эса Сувни тежаш бўйича бутунжаҳон форумини ўтказиш режалаштирилгани маълум қилинди. Ушбу анжуманлар минтақада экологик ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилиши шубҳасиз.
Нутқи якунида Президент Саммит иштирокчиларини мазкур халқаро тадбирларда фаол қатнашишга чақирди. Таъкидланишича, қабул қилинаётган қарор ва ҳужжатлар тўлиқ амалга оширилиши нафақат экологик хавф-хатарга мослашиш, балки технологик янгиланиш, лойиҳаларни иқтисодий ўсиш ва ижтимоий барқарорликни таъминловчи муҳим омилга айлантириш имконини беради.
Мусулмон Зиё, ЎзА