Марказий Осиёда минтақавий хавфсизлик ва ҳамкорлик сиёсати ривожланмоқда
Марказий Осиё мамлакатлари ва Европа Иттифоқи ўртасидаги стратегик ҳамкорлик минтақадаги кимёвий, биологик, радиологик ва ядро хавфсизлигини мустаҳкамлашда асосий омил сифатида аҳамият касб этади. Бундай ҳамкорлик натижасида эса давлатлар илғор тажрибаларни ўртоқлашади, хавфсизлик стандартлари мустаҳкамланади ва миллий ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлашга хизмат қилади.
Бугун Қирғиз Республикасининг Бишкек шаҳрида Марказий Осиё миллий координаторлари учун Европа Иттифоқининг илғор тажриба марказлари ташаббуси доирасида 24-минтақавий стратегик мувофиқлаштирувчи йиғилиш ўз ишини бошлади.
Унда қатор давлатларнинг ушбу соҳа масъуллари, мутахассислар ва экспертлар иштирок этмоқда.

Тадбирда Ўзбекистон номидан Саноат, радиация ва ядро хавфсизлиги қўмитаси Радиация ва ядро хавфсизлиги департаментининг Кимёвий ва бактериологик қуролни тақиқлаш тўғрисидаги конвенциянинг ижросини назорат қилиш бўйича бош мутахассиси Отабек Қосимов қатнашяпти.
– Бу каби минтақавий ҳамкорлик тадбирлари нафақат хавфсизлик стандартларини мустаҳкамлайди, балки илғор тажрибаларни жорий этиш имконини беради. Ёш мутахассисларимиз бу жараёнда халқаро стандартлар ва замонавий ёндашувларни ўзлаштириб, ўз билим ва салоҳиятларини янада ривожлантиради. Шунингдек, 2025 йил 6-10 октябрь кунлари Чирчиқ шаҳрида халқаро даражадаги ўқув машғулоти ҳам ташкил этилди. Унда Халқаро экспертлар иштирок этди. Мазкур машғулот Бельгия давлатининг “Кимёвий, биологик, радиологик, ядровий ва портлаш хавфига эга моддалар хавфсизлиги соҳасидаги инновациялар бўйича ўқув марказларининг кенгайтирилган тармоғи” лойиҳаси доирасида мазкур мамлакат Ички ишлар вазирлиги ва Фавқулодда вазиятлар вазирлиги орасидаги келишув асосида амалга оширилди. Аҳамиятлиси, ҳар икки тадбир ҳам мамлакатимизда ушбу соҳа равнақида муҳим ҳисобланади, – деди О.Қосимов.

БМТнинг Жиноятчилик ва адлия соҳасидаги Минтақаларора тадқиқот институти кўмагида ташкил этилган ушбу 24-минтақавий стратегик мувофиқлаштирувчи йиғилиш 14 октябрга қадар давом этади.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА